ФАОни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлашнинг навбатдаги партияси Бухоро ва Қашқадарё вилоятлари аҳолисига етказилди

12:41 01 Декабрь 2021 Жамият
239 0

Фото: «Халқ сўзи»

БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг (ФАО) Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан Бухоро вилоятининг Бухоро ва Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманларидаги аҳоли хонадонларига жами 20 та мотокультиватор топширилди. Бенефициарлар маҳаллий ҳокимликларнинг тавсиялари асосида танлаб олинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ уларга бошқа қишлоқ хўжалиги техникалари – Қашқадарё вилоятидаги аҳоли хонадонларига 20 та сув насоси ва 10 та қўл пуркагич, Бухоро вилоятидаги хонадонларга 10 та моторли бурғулаш ускунаси, 10 та қўл пуркагич ва 10 та сув насоси топширилган эди.

Тадбир “Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш” (CACILM-2) минтақавий лойиҳаси доирасида ердан янада самарали фойдаланиш ва юқори даромад олиш учун қишлоқ ҳудудларидаги уй хўжаликларини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилди.

– Топширилган жиҳоз ва ускуналар томорқа ер участкаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга кўмаклашади, бу эса ўз навбатида уларнинг эгаларини иш билан таъминлаш ва даромадларини ошириш имконини беради. Бу лойиҳанинг мақсад ва вазифаларига мос келади, – дейди лойиҳанинг миллий бошқарувчиси Муҳаммаджон Қосимов.

Бундан ташқари, CACILM-2 лойиҳаси доирасида Бухоро чўл яйлов ўсимликлари уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш маркази энг замонавий лаборатория жиҳозлари, жумладан, лаборатория тарозилари, анемометр, бурғулаш ускунаси, рефрактометр, шунингдек, мотокультиватор ва кичик ўт ўргич машинаси билан таъминланди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни янада кўпайтириш мақсадида илмий-тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ҳам лойиҳа миссиясига тўлиқ мос келади.

Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида ердан фойдаланишни яхшилаш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ҳамда табиий ресурсларни комплекс бошқариш бўйича амалиётлар кўламини кенгайтириш “Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш” минтақавий лойиҳасининг асосий мақсади ҳисобланади. Ўзбекистонда бу лойиҳа Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг миллий ҳамкорлари – Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази. Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши БМТнинг қурғоқчилик ва чўлланишга қарши курашиш конвенцияси ва БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги асосий конвенциясини амалга оширишга ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?