Фаолият сарҳисоби: натижалар кутилганидекми?

23:32 13 Январь 2022 Жамият
489 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси томонидан «Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси: йил якунлари сарҳисоби» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизнинг миллий манфаатларига жавоб берадиган ҳамда яқин ва узоқ хорижий давлатлар билан алоқаларни кенгайтиришга қаратилган фаол, очиқ, прагматик ва чуқур ўйланган амалий ташқи сиёсий йўналишни ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти.

Ўтган вақт мобайнида қўмита қонун ижодкорлиги йўналишида 10 та қонун лойиҳасига масъул бўлди. Уларнинг барчаси қабул қилинди. Қўмита масъуллигида Сенат ва Қонунчилик палатасининг 4 та қўшма қарорлари, 10 та концепция, дастур, режалар ва «йўл хариталари» тасдиқланди. Бундан ташқари, йил давомида 10 дан ортиқ қонун лойиҳалари ва бошқа қонун ҳужжатларига таклиф ва тавсиялар тақдим этилди.

Қўмита ўзининг ўтган даврдаги фаолияти давомида парламент назоратининг таъсирчан механизмларидан самарали фойдаланган ҳолда, жойлардаги тизимли муаммоларни ҳал этиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари зиммасидаги муҳим масалаларнинг ўз вақтида ижро этилиши ҳолатини ўрганиш муҳим аҳамият касб этди.

Шундан келиб чиқиб, ҳисобот даврида қўмита томонидан қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил йўналишида, шунингдек, ташкилий-амалий тадбирлар доирасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган бир қатор вазирлик ва идоралар ҳамда олий таълим муассасалари ва маданий-маърифий марказлар аъзолари иштирокида 36 та турли тадбир ўтказилган. Жумладан, 5 та қўмита эшитуви, 4 та назорат-таҳлил ва мониторинг тадбирлари, 9 та давра суҳбати, халқаро конференция ва семинарлар, 2 та форум, 3 та илмий анжуман ва амалий мулоқотлар ҳамда 6 та бошқа турдаги тадбирлар ўтказилди.

Анжуманда таъкидланганидек, сўнгги йилларда бутун дунё бўйлаб тарқалган COVID-19 пандемияси халқаро ва парламентлараро учрашувлар ва дипломатик алоқаларни ўтказишда бир қатор ноқулай вазиятларни вужудга келтирди. Лекин шунга қарамасдан қўмитанинг бевосита мувофиқлаштируви натижасида икки палатанинг хорижий мамлакатлар парламентлари ва қонунчилик органлари билан тузилган ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлари сони 2021 йилга келиб 53 тага етди. Хорижий мамлакатларга уюштирилган хизмат сафарлари 56 тани ҳамда Президент сайловида халқаро кузатувчилар билан Қонунчилик палатасида ўтказилган учрашувлар сони 18 тани ташкил этди.

Айтиш жоизки, қўмита томонидан сайловчилар томонидан кўтарилаётган масалалар ва жойларда олиб борилаётган ўрганишлар давомида аниқланган камчилик ҳамда муаммоларга мутасаддилар эътиборини қаратган ҳолда ҳал этишга устувор аҳамият қаратилди. Жумладан, 2021 йилда қўмита ташаббуси билан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан давлат ва бошқарув органлари мансабдор шахсларига битта парламент сўрови жўнатилган. Шу билан бирга, қўмита аъзолари томонидан мансабдор шахсларга сайловчиларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан 13 та депутат сўрови юборилганлиги таъкидланди.

Қўмита аъзолари жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида ўрганиш ҳамда уларни мумкин қадар ижобий ҳал этишга алоҳида эътибор қаратди. Қўмитага келиб тушган жами 628 та мурожаат белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, тегишлилигига кўра вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий давлат органларига юборилди.

Шунингдек, қўмита томонидан вазирлик ва идоралар раҳбарларининг эшитувларини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш бўйича Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбарларининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида кўтарилган масалалар қай даражада ҳал этилаётгани, чет элдаги Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлган шахсларнинг ҳамда хорижга чиқаётган меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилиниши ҳолати ҳақида»ги ҳисоботлари эшитилиши натижасида фуқаролар томонидан қилинаётган мурожаатларнинг аксарияти ўзининг ижобий ечимини топгани қайд этилди.

Анжуманда Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Д. Файзиева тадбир иштирокчиларига етказилган маълумотларга қўшимча қилган ҳолда, қўмитанинг асосий ва устувор мақсадлари, қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил ва таъсирчан парламент мониторинги тизими ва шу каби фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликни ўз вақтида хабардор қилиш бўйича самарали ишлар олиб борилаётганлиги ҳақида маълум қилди.

Раҳим ШEРҚУЛОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?