Фаол тадбиркорлар аҳоли вакиллари билан учрашмоқда

20:23 05 Сентябр 2023 Жамият
421 0

Каттақўрғонлик тадбиркор Анвар Норбоев раҳбарлик қилаётган “Каттақўрғон электротехника заводи”да йилига 1200 дона импорт ўрнини босувчи трансформатор ишлаб чиқарилади. Бу ерда ҳозирги кунда 100 нафарга яқин киши иш билан банд этилган. Завод қошида тикувчилик фабрикаси ҳам ташкил қилинган. Унда 50 нафар хотин-қиз ишламоқда.

Шунингдек, тадбиркор туманнинг Мейлихўжа маҳалласи ҳудудида қуввати 288 ўринли, 9 миллиард 700 миллион сўмлик “WILLAGE SCHOOL” нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ишга туширган. Бундан ташқари, 34 гектар лалми майдонда замонавий усулда узумзор барпо этган. Бу ерда ҳам 12 та янги иш ўрни яратилган.

Анвар Норбоев ана шу хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18 августдаги фармонига мувофиқ, “Шуҳрат” медали билан тақдирланган эди. Тадбиркор Каттақўрғон туманида аҳоли вакиллари билан учрашди. Унда туман ҳокимлиги, тегишли соҳа вакиллари, фаоллар ва тумандаги тадбиркорликка қизиқувчилар иштирок этишди.

Учрашувда Анвар Норбоев мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун яратилаётган имтиёз ва енгилликлар ҳақида гапирди.

Яна бир ишбилармон Меҳринисо Умрзоқова Булунғур туманидаги Янгиобод маҳалласида яшаб, кўп йиллардан буён қуёнчилик ва туризм соҳаларида якка тартибда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланади.

Фаол тадбиркор тумандаги 9-сон мусиқа ва санъат мактабида ҳудуд ёшлари, нуронийлар, тадбиркорликка қизиқувчилар билан бизнес тармоқларининг ривожланиши, фаолияти, келажак режалари билан ўртоқлашди.

— Яқинда Президентимиз Самарқанд вилоятига ташрифи доирасида ўтказилган йиғилишда қатнашиб, солиқ тизими, банк соҳасидаги имкониятлардан, умуман тадбиркорларга яратилаётган қулайликлардан жуда хурсанд бўлдим, — дейди Меҳринисо Умрзоқова. — Туман ҳокими ҳам ҳудудда тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. 2022 йилда қуёнчилик фаолиятимни кенгайтирдим. Меҳнатларим учун “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирландим. Тез орада туризм бўйича янги йўналишлар очиш ҳаракатидаман. Ҳозир тадбиркорлик соҳасида 50 га яқин иш ўрни яратганмиз.

Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер