ФАО қишлоқ аёлларини янги даромад манбаларини топишга ўргатади

13:47 27 Октябр 2021 Жамият
379 0

Фото: Халқ сўзи

Бухоро ва Навоий вилоятларининг қишлоқ аёллари бизнес ва ҳунармандчилик маҳорати бўйича ўқув-семинарларда иштирок этиш орқали муқобил даромад олиш имкониятларини оширдилар. Гап шундаки, мазкур ҳудудларда БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан CADI (Марказий Осиё чўллари бўйича ташаббус) лойиҳаси доирасида ўқув машғулотлари ташкил этилди.

— ФАО аёллар тушмуши, яъни оилалар фаровонлигини ошириш учун муқобил даромад келтирадиган фаолиятга жалб қилади, — дейди CADI лойиҳасининг Ўзбекистондаги миллий координатори Наримон Нишонов. — Бу уларнинг чўлларда, яйлов ва бошқа қишлоқ хўжалиги ишларига бўлган қарамлигини камайтиради. Шу маънода, анъанавий ҳунармандчиликнинг тикланиши, айниқса, муҳимдир, чунки бозорда бундай маҳсулотларга талаб юқори.

Ўқув машғулотларида Навоий вилояти Нурота тумани Чуя қишлоғи ва Бухоро вилояти Қоракўл тумани Дўрмон қишлоғидан жами 57 нафар хотин-қизлар иштирок этди. Машғулотлар каштачилик ва анъанавий ҳунармандчилик бўйича усталари томонидан олиб борилди. Улардан бири Марказий Осиё давлатлари ҳунармандларини қўллаб-қувватлаш уюшмасининг Ўзбекистондаги вице-президенти Матлюба Бозорова иштирокчиларга ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш учун мамлакатда мавжуд имтиёзлар ҳақида маълумот берди, қандай қилиб бизнес бошлаш, шунингдек, уйда маркетинг ва иш яратиш асослари ҳақида ўз тажриба ва билимлари билан ўртоқлашди.

Уч кунлик дарс давомида қишлоқ аёллари тикувчилик, жун кўрпа ва миллий каштачилик асосларини ҳам ўргандилар. Амалий машғулотлар давомида иштирокчилар миллий ва замонавий мода йўналишларини бирлаштириб, ёстиқчалар, чопонлар, курткалар, сумка ва кўрпачалар тикишди.

Эслатиб ўтамиз, тренинглар ташкил этилган туманлар CADIнинг лойиҳа ҳудудлари ҳисобланади. Ушбу лойиҳа глобал аҳамиятга эга ноёб экотизимлари мавжуд бўлган мўътадил чўлларни сақлаш ва улардан барқарор фойдаланишга қаратилган. Ушбу чўллар қушлар, шунингдек, туёқли ёввойи ҳайвонлар учун муҳим миграция ҳудудлари ҳисобланади. CADI лойиҳасининг мақсадли иштирокчилари – Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон. Ушбу мамлакатлар зиммасига антропоген омиллар хавф солаётган мўътадил чўлларни сақлаб қолиш бўйича алоҳида масъулият юкланган. CADI лойиҳаси Германия ҳукумати томонидан молиялаштирилади ва 2016 йилдан буён Грайфсвальд университети, Михаэл Зукков жамғармаси ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан амалга оширилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?