ФАО Ўзбекистонга тупроқ таҳлили учун юқори технологияли ускунани ҳадя қилди

20:29 29 Ноябрь 2022 Иқтисодиёт
535 0

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) «Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчилик ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш» (CACILM-2) минтақавий лойиҳасини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Tuproqsifattahlil” давлат унитар корхонасига қиймати 29 минг АҚШ долларига тенг бўлган юқори технологияли лаборатория ускуналарини тақдим этди.

“Tuproqsifattahlil” ташкилотида суғориладиган ерларнинг сифатини баҳолаш, тупроқ унумдорлиги ва экологик ҳолатини мониторинг қилиш ишлари олиб борилмоқда. Бу ерда республика тупроқ қопламининг ахборот базаси шакллантирилиб, тупроқ шўрланиши ва уларнинг озуқа моддалари билан таъминланиши картограммалари тузилади. Корхона мутахассислари шўрланган ва деградацияга учраган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади. CACILM-2 лойиҳаси доирасида спектрофотометр ишлаб чиқарувчи компания билан ҳамкорликда лаборатория ходимлари учун янги ускуналар билан ишлаш бўйича тренинглар ташкил этилади. Келажакда улар лойиҳа томонидан ташкил этиладиган бошқа тренинг ҳамда ўқув курсларида ҳам қатнашадилар.

«Ускуна тупроқнинг кимёвий таркиби ва сифатини юқори аниқлик ва тезликда аниқлаш имконини беради. Тупроқларнинг кимёвий таркибини таҳлил қилиш рекултивация усулларини ва мос ўғитларни танлаб олиш, ерларнинг кимёвий ифлосланиш манбаларини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади», – дейди CACILM-2 лойиҳасининг Ўзбекистондаги миллий координатори Муҳаммаджон Қосимов.

Рақамли технологиялар билан қўллаб-қувватланадиган қишлоқ хўжалиги нафақат иқтисодиётни тиклаш, балки унинг сифатини яхшилаш учун, айниқса, кичик ер эгалари ва фермерлар учун ҳаракатлантирувчи кучга айланиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2020 йилда келгуси 10 йил ичида республикани рақамли трансформация қилишни назарда тутган «Рақамли Ўзбекистон-2030» кенг кўламли дастури ишлаб чиқилди.

Қишлоқ хўжалиги ерлари деградациясининг олдини олишга, қурғоқчил ва шўрланган ҳудудларда тупроқ унумдорлигини сақлаш ва оширишга қаратилган технологияларни қўллашда кўмак кўрсатиш CACILM-2 лойиҳасининг муҳим вазифаларидан биридир. Минтақавий лойиҳа Глобал Экологик Жамғарма томонидан молиялаштирилади ва ФАО томонидан 2018 йилдан буён Ўзбекистонда, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Туркияда амалга оширилмоқда. Табиий ресурсларни комплекс бошқаришни жорий этишда халқаро ҳамкорлик асосий ўрин тутади. Лойиҳа доирасида фермерларни ўқитиш, қишлоқ хўжалиги ташкилотлари ва илмий муассасалар мутахассисларининг малакасини ошириш ишлари олиб борилмоқда. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази лойиҳанинг Ўзбекистондаги миллий ҳамкорлари ҳисобланадилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?