ФАО Ўзбекистонда Наврўз байрами ва Халқаро ўрмонлар куни муносабати билан кўкаламзорлаштириш тадбирини ўтказди

02:34 22 Март 2024 Жамият
1482 0

Халқаро ўрмонлар куни бутун дунё бўйлаб 21 март куни нишонланади, бу сана БМТ Бош Ассамблеяси томонидан ўрмонларнинг ердаги барча тириклик учун муҳим аҳамиятини эътироф қилиш мақсадида эълон қилинган. Ўрмон ресурсларидан оқилона ва барқарор фойдаланиш Барқарор Ривожланиш Мақсадларига эришишнинг калитидир.

Ўзбекистонда Халқаро ўрмон куни муносабати билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг «Ўзбекистоннинг тоғ ва водий ҳудудларида ўрмонларни барқарор бошқариш» лойиҳаси доирасида кенг кўламли дарахт экиш кампанияси ташкил этилди. Бу лойиҳа Глобал Экологик Жамғарма (GEF) томонидан молиялаштирилади ва Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширилади. Лойиҳа доирасида 4 та участкада иш олиб борилди – булар Китоб, Деҳқонобод, Поп ва Сирдарё ўрмон хўжаликлари ҳудудлари. Тадбирларда маҳаллий аҳоли, ижарачилар ва фермерлардан 1650 дан ортиқ киши, шу жумладан 618 аёл иштирок этди. 4200 туп игнабаргли ва мевали турдаги дарахт ва буталар, жумладан, зарафшон арчаси, шарқ туяси, виржиния арчаси, терак, қарағай, тут, олма, беҳи, наъматак ва бошқалар экилди.

«Ўзбекистоннинг тоғ ва водий ҳудудларида ўрмонларни барқарор бошқариш» лойиҳасининг техник координатори Олимжон Қаҳҳоров таъкидлаганидек, ҳар бир экилган дарахт атроф-муҳит ва инсон учун муҳим – у кислород, озиқ-овқат маҳсулотлари ва ёғоч манбаи ҳисобланади. Ўрмонларни тиклаш ва барқарор бошқариш иқлим ўзгариши ва биологик хилма-хиллик билан боғлиқ муаммоларни енгишга имкон беради.

Халқаро ўрмонлар кунининг 2024 йилдаги мавзуси «Ўрмонлар ва инновациялар» бўлиб, бу ўрмонларни бойитиш ва ўрмон ресурсларидан фойдаланишда замонавий технологиялар имкониятларига эътибор қаратишга ундайди.

Инновациялар кўп жиҳатдан ўрмонларни бошқариш жараёнларини яхшилади. Илгари ўрмон хўжалиги ишчилари қоғоз хариталардан фойдаланганлар ва кузатувларини қўлда қайд этишган, ўрмон мониторинги катта куч ва молиявий харажатларни талаб қилган ва ахборотни қайта ишлаш кўп вақт талаб қилган. Эндиликда инновацияларни жорий этиш туфайли кузатувларни ўтказиш ва маълумот тўплаш анча осонлашди – зарур жиҳозлар бир неча дақиқада керакли маълумотларни олиш ва узатиш имконини беради. Учувчисиз учиш аппаратлари ҳам вазифани осонлаштиради, бу қисқа муддатда улкан майдонларни текшириш имконини беради. Баъзан ўрмонда жисмонан бўлишга ҳожат йўқ, мутахассислар учун юзлаб юқори сифатли сунъий йўлдош тасвирларини олиш имконияти мавжуд ва орбитада маълумотларни реал вақтда узата оладиган қурилмалар мавжуд.

ФАО/GEFнинг «Ўзбекистоннинг тоғ ва водий ҳудудларида ўрмонларни барқарор бошқариш» лойиҳаси доирасида 2021 йилда «Ўрмонлойиҳа» лойиҳа институтида маълумотлар маркази ва GIS-лабораториясининг очилиши Ўзбекистонда ўрмонларни барқарор бошқариш соҳасида инновацияларни жорий қилишнинг муҳим босқичи бўлди. Замонавий ускуналар билан жиҳозланган янги объектлар ўрмон экотизимлари таҳлилини такомиллаштириш, ўрмон ерларини тўлиқ инвентаризация қилиш ва мониторингини ўтказиш ҳамда сунъий йўлдош навигация воситаларидан фойдаланиш имконини берди.

Ўрмон хўжалиги фаолиятига рақамли технологиялар ва GIS-воситаларини жорий этиш ФАО/GEF лойиҳасининг муҳим вазифаси бўлиб қолмоқда. Лойиҳа маҳаллий мутахассислар ва ўрмон хўжалиги ходимлари учун хорижий экспертлар иштирокида тренинглар ўтказмоқда, унда рақамли ва геоахборот (GIS) технологияларидан фойдаланган ҳолда ўрмонлар ва ўрмонлардан ташқаридаги ёғочли ўсимликлар ҳақида маълумотларни тўплашнинг замонавий усуллари ўрганилмоқда. Вилоятларда ўрмон хўжалиги корхоналарининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун катта ёрдам кўрсатилмоқда.

Зеро, ўрмон экотизимларини тиклашга йўналтирилган инвестициялар соғлом экология, қишлоқ аҳолиси фаровонлиги ва ўрмонга боғлиқ жамоаларга ва, демак, умуман озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган инвестициялардир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?