ФАО географик кўрсаткичлар тўғрисида жамоатчилик хабардорлигини оширмоқда

14:03 19 Август 2022 Иқтисодиёт
470 0

2022 йил 17 август куни Тошкент Давлат аграр университетида университетнинг профессор-ўқитувчилари, докторант ва иқтидорли талабалари, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тизимлари соҳасидаги экспертлар учун «Географик кўрсаткичлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва анъанавий маҳсулотлар асосида Ўзбекистон қишлоқ ҳудудларини брендлаш воситаси сифатида» мавзусида тренинг ўтказилди. Машғулотлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг «Географик кўрсаткичлар орқали барқарор озиқ-овқат тизимларини мустаҳкамлаш» лойиҳаси доирасида миллий ва халқаро экспертлар иштирокида ўтказилди.

Эслатиб ўтамиз, географик кўрсаткич – бу хусусияти ва обрўси унинг келиб чиқиши билан боғлиқ бўлган ўзига хос географик келиб чиқишга эга маҳсулотларга қўлланиладиган белги. Прованснинг зайтун мойи, Хитой ва Лион ипаклари, Самарқанд қоғози, Бавария пивоси, Бразилия қаҳваси, шотланд вискиси, Сейлон чойи, Бордо, Луар ва Бургундиянинг узумзор ва винолари бунга ёрқин мисол бўла олади. Қисқаси, географик кўрсаткичлар маҳсулотларнинг географик келиб чиқиши ҳақида ўзига хос белгилар бўлиб, бу уларнинг сифати ва ўзига хос хусусиятларининг кафолати ҳисобланади.

Тренингда таъкидланганидек, ФАО мутахассислари иштирокида ишлаб чиқилган «Географик кўрсаткичлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни туфайли Ўзбекистонда уларнинг келиб чиқиш жойи билан чамбарчас боғлиқ бўлган анъанавий товарлар «географик кўрсаткичлар» мақомига эга бўлиши ва интеллектуал мулк объекти сифатида ҳуқуқий ҳимояга эга бўлиши мумкин. ФАО томонидан амалга оширилаётган мазкур лойиҳа туфайли эса географик кўрсаткичлар тушунчаси тобора Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ҳаётининг бир қисмига айланиб бормоқда.

Лойиҳанинг мақсади географик кўрсаткичларни кенг жорий этиш орқали Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларини ривожлантиришга ҳисса қўшишдир, бу ишлаб чиқарувчиларга маркетинг стратегиясини аниқлаш, бозор иштирокчиларининг, шу жумладан, расмий ҳокимият органлари ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг бошқа гуруҳларининг хабардорлиги ва ўзаро қизиқишини оширишга имкон беради.

Тренингнинг асосий мақсади ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва ҳудудий брендингнинг самарали воситаси сифатида географик кўрсаткичлар тўғрисида жамоатчилик ва соҳа мутахассисларини кенг хабардор қилишдан иборат бўлди. Тренинг иштирокчилари географик кўрсаткичлар қишлоқ ҳудудларини барқарор ривожлантиришга, фермер хўжаликлари даромадларини оширишга, қишлоқ хўжалиги ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини кенгайтиришга, шунингдек, анъанавий ҳунармандчиликка қандай ҳисса қўшиши мумкинлигини билиб олишди. Бундан ташқари, тренинг давомида табиий омиллар, маҳаллий жамоалар томонидан авлоддан авлодга ўтадиган билим ва кўникмалар билан биргаликда ноёб хусусиятларга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг энг муҳим элементларига айланиши ҳақида сўз борди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?