ФАО эксперти Президент мактаби ўқувчилари учун маҳорат дарси ўтди

16:09 11 Октябр 2022 Жамият
301 0

Фото: "Халқ сўзи"

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг сабзавотчилик бўйича халқаро эксперти Леоне Малёкетти Ломби Ўзбекистонга ташрифи чоғида Наманган шаҳридаги Президент мактаби ўқувчилари учун ўқув семинар ўтказди. Тадбир ФАО томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент таълим муассасалари агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Семинар «Қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш учун соҳада инновациялар ва янги рақамли технологиялардан фойдаланиш» мавзусида ўтказилди. Тадбирда 40 га яқин 9-11 синф ўқувчилари иштирок этишди. Ўқувчилар хорижий мутахассиснинг бугунги кунда дунёнинг 1 млрд. иқтисодий фаол аҳолиси банд бўлган муҳим соҳа – қишлоқ хўжалигидаги янгиликлар тўғрисидаги тақдимотига катта қизиқиш билдиришди.

Хусусан, мутахассис болаларни гидропоника ва аеропоника каби ўсимликларни етиштириш усуллари билан батафсил таништирди, шунингдек, «вертикал деҳқончилик» деб номланган  бутун дунёда фаол равишда жорий этилаётган ва анъанавий фермер хўжалигига қараганда 95 фоиз кам сув ишлатишга имкон берадиган технологиянинг хусусиятлари ҳақида гапириб берди. Бундан ташқари, қуёш энергияси билан ишлайдиган сув насосларининг янги авлодининг афзалликлари, иссиқхоналарда IT-технологияларидан фойдаланиш ва бошқа кўп масалалар муҳокама қилинди.

ФАОнинг сабзавотчилик бўйича халқаро эксперти Леоне Малёкетти Ломби ўз тақдимотида «ФАО қишлоқ жамоаларида экинлар ва чорвачиликни барқарор интенсивлаштиришни қўллаб-қувватлайди. Илғор технологияларни жорий этиш билим ва кўникмаларни ошириш билан биргаликда фермерларнинг даромадларини ошириш ва, умуман, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ёрдам беради», деб таъкидлаб ўтди.

Маълумки, қатъий танловдан ўтиш зарур бўлган Президент мактабларида ёш авлоднинг интеллектуал қобилиятларини очиб беришга ёрдам берадиган кўп тармоқли таълим муҳити шакллантирилади. Шу муносабат билан қишлоқ хўжалигидаги дарслар талабаларнинг дунёқарашларини кенгайтириш учун фойдали бўлди.

— Мактабимизда табиий ва аниқ фанлар, хорижий тилларни ўзлаштириш, муҳандислик ва ахборот-коммуникация технологияларини чуқур ўрганиш йўлга қўйилган. ФАО билан ҳамкорликда олиб борилган машғулотлар туфайли баъзи ўқувчилар қишлоқ хўжалигида касбий ўсиш ҳақида ўйлашни бошладилар. Улар қишлоқ хўжалигида IT-технологияларни қандай жорий қилишга қизиқишмоқда. Бундай ўқув машғулотлари ўқувчиларни касбга йўналтиришда, илғор хорижий тажрибани ўзлаштиришда, сўнгги жараёнлардан хабардор бўлишида муҳим аҳамият касб этади, — деди Наманган шаҳар Президент мактаби директори Шуҳрат Азибоев.

Иссиқхоналарни бошқариш бўйича машғулотлар давомида олинган билимларни дарҳол амалда қўллаш мумкин. Чунки мактаб ҳудудида иссиқхона мавжуд бўлиб, у ерда ўқувчиларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қишлоқ хўжалиги, экология ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида амалий машғулотлар ўтказилади. Иссиқхона «Zamin» Халқаро жамоат фондининг «Zamin Eco-Education» дастурини амалга ошириш доирасида ФАО томонидан грант асосида қурилиб, мактабга топширилган. Бугунги кунда қадар унда мактаб ўқувчиларининг фаол иштирокида кўкатлар ва айрим қишлоқ хўжалиги экинлари етиштирилмоқда. Мазкур дастур ижроси доирасидаги экологик таълим ва тарбия навқирон авлоднинг табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масъулиятини оширишнинг муҳим омили бўлиб, пировардида жамиятнинг экологик маданиятини шакллантиради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?