FАО эксперти: иқлим ўзгариши ва глобал исишга зарарли таъсир кўрсатаётган ис газининг 20 фоизи қишлоқ хўжалиги тармоқлари орқали чиқарилмоқда

18:53 24 Май 2022 Жамият
490 0

Фото: Халқ сўзи

Қарши шаҳридаги Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институтида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази томонидан хорижлик олим ва етакчи мутахассислар иштирокида «Қишлоқ хўжалиги экинларининг генетик ресурсларидан унумли фойдаланиш ҳамда етиштиришда замонавий илғор технологияларни қўллаш истиқболлари» мавзусида халқаро илмий-техник анжуман ўтказилди.

Анжуманда Туркия, Қозоғистон, Непал, Кония каби давлатлар ҳамда қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари халқаро марказлари эксперт ва мутахассислари республикада, жумладан, жанубий минтақаларда бошоқли дон, дуккакли дон, ем-хашак, озуқабоп ҳамда ноанъанавий экинлар селекцияси, уруғчилик тизимини ривожлантириш, инновацион агротехнологияларни такомиллаштириш, тупроқ унумдорлигини ошириш масалаларини муҳокама қилди.

Хусусан, халқаро ИКАРДА-Непал маркази селекционери Р. Шарма ZOOM орқали мулоқотда қурғоқчил минтақалар учун қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси истиқболлари, Қорақалпоғистон Деҳқончилик илмий тадқиқот институти директори, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Б. Турдишев Шимолий минтақа майдонларида иқлим ва об-ҳаво шароитларининг ўзгариши, тупроқ унумдорлиги, ҳозирги замон ҳолати ҳамда илмий-техник ишланмаларни жорий этиш, халқаро ИКАРДА-Туркия маркази селекционери, профессор М. Кесер буғдойнинг совуққа чидамлигини баҳолаш мезонлари, халқаро СИММУТ-Туркия маркази селекционери Б. Акин дунёда буғдойнинг иқлим ўзгаришларга мос янги навларни яратиш, Кония деҳқончилик илмий тадқиқот институти директори Ф. Уздемир кузги буғдойни ривожлантиришда халқаро миқёсдаги агротехнологиялардан фойдаланиш мавзуларида маърузалари билан иштирок этди.

— Дунё олимлари нигоҳини мен иқлим ўзгариши ва глобал исишга зарарли таъсир кўрсатаётган ис газининг 20 фоизи қишлоқ хўжалиги тармоқлари орқали чиқарилаётганига қаратдим, — дейди БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FАО)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси эксперти, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Азиз Нурбеков. — Шу маънода «Қишлоқ хўжалигида тупроқни ҳимояловчи ва ресурс тежамкор технологиялар иқлим ўзгаришини юмшатишда ечим бўладими?» деган саволга жавоб тариқасида шуни айтиш мумкинки, тупроққа ишлов бермаслик, ерларни ўсимлик қолдиғи билан қоплаш ва алмашлаб экиш орқали бу муаммоларга ечим топса бўлади.

Анжуман иштирокчилари Жанубий деҳқончилик илмий тадқиқот институтининг Қарши, Қамаши ва Ғузор туманидаги тажриба майдонларида парваришланаётган бошоқли дон экинлари ривожини кўздан кечирди.

Фахриддин Бозоров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер