Эзгуликка бахшида умр

18:39 28 Сентябр 2022 Жамият
477 0

Илм бебаҳо хазина, уни эгаллаш осон иш эмас. Уламолар илм олишни игна билан қудуқ қазишга бежиз ўхшатишмаган. Инсон шундай бебаҳо хазинанинг соҳиби бўлишида устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёс.

Ҳар бир инсон ҳаёт ва касб-кор сўқмоқларида тетапоя қилиб, вояга етаркан, унга мазкур уринишларни ким, қандай ўргатганлигини, машқ қилдирганини эсга олади.

Албатта, шахснинг камолга етиши осон иш эмас. Бунда ўз куч-ғайрати, билими, тажрибаси ва сабр-иродасини сарфлаган устозларнинг ҳиссаси бўлади, шубҳасиз. Ва мана шу муаллимлар шогирдлар қалби, хотираси ва амалида мангу яшайди, улар бошлаган мактаб, сабоқ авлоддан-авлодга ўтиб боради.

Мана шундай устозлардан бири — Бухоро давлат университетида бутун умр фидокорона меҳнат қилган, не-не тилшунос ва услубиётчи олимлар, муаллим ва муаллималарнинг чин мураббийси бўлган – филология фанлари доктори, профессор Ҳамид Неъматовдир.

Ҳ.Неъматов ўрта мактабни Бухорода тугатиб, университет, аспирантура ва докторантура таълимини 1961 — 1976 йилларда Ленинград давлат университети ва Шарқшунослик институтида олди. 1970 йилда “Қошғарий “Девон”и материаллари асосида феъл морфологияси” мавзусида номзодлик диссертациясини, 1978 йилда “XI-XII аср шарқий туркча морфологияси” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди.

У 40 дан ортиқ дарслик, дастур, ўқув қўлланма, методик тавсиялар каби алоҳида нашрларнинг, 250 дан ортиқ илмий мақолаларнинг муаллифи ва 100 дан ортиқ илмий-методик ишларнинг муҳаррири ҳамда тақризчисидир. Олим илмий фаолияти давомида 40 дан ортиқ фан номзоди ва 5 та фан доктори тайёрлади. Улар Бухоро, Тошкент, Қарши, Андижон, Фарғона, Самарқанд шаҳар ва вилоятларидаги олий таълим ўчоқларида ишламоқдалар.

Устознинг самарали меҳнатлари ҳукуматимиз томонидан ҳам муносиб тақдирланган. Жумладан, устоз 1996 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” фахрий унвони, 2010 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган.

“Ҳақиқий инсон бировга (атай) ёмонлик тиламайдиган, бировнинг кўнглига озор бермайдиган кишидир” деган ғояни ўз ҳаётий шиорига айлантирган ва бутун умри давомида шунга нафақат амал қила олган, балки авлоду издошлари, шогирду ҳаммаслакларини ҳам шу тамойил масъулиятига ўргата олган чинакам ҳаёт мураббийи — Устоз Ҳамид Неъматов ўзларидан Бухоро тарихида ўчмас из, шогирдлар қалбида улкан маънавий хазина қолдириб кетдилар.

Устознинг камтарин, самимий ва беғубор нигоҳлари ҳеч кўз ўнгимиздан кетмайди. Жуда камтарин ҳамда бағрикенг бўлганликлари учун домланинг олдидан маслаҳат, йўл-йўриқ сўраб келгувчилар кети узилмасди.

Домла ёш тадқиқотчиларга шундай пухта ўгитлар берардиларки, биз шогирдлар уларнинг олдинни кўра билишдек истеъдодлари, ўз таъбирлари билан айтганда, дурбинлик хислатларига ҳайрон қолар эдик. Ҳақиқий илмий раҳбарларга хос талабчанлик, ҳар бир ишни ўз вақтида ўз ниҳоясига етказиш борасидаги пунктуалликни шундай бир назокат, юксак дид ҳамда касбий/илмий этикет билан сингдирар эдиларки, бу уларнинг юқори маданият ва савияга эга эканлигидан дарак берар, бизнинг қалбимизда ҳавас уйғотар эди.

Бинобарин, юксак ақлу заковат соҳиби бўлмиш устозимизнинг нафақат филология ва тилларни ўрганиш, балки тил услубиёти соҳасида ҳам ўша пайтда илгари сурган ғоялари бугун ўзининг самарадорлиги, ишончлилиги, умрбоқийлиги билан ўз исботини топмоқда; домланинг нафақат туркийшунослик, балки Оврўпо тилларини кузатиш асосида эришган натижалари бугун қатор муваффақият билан қарши олинаётган тадқиқотларда методологик асос вазифасини ўтамоқда.

Ҳамид Ғуломович ноёб истеъдод, феноменал хотира эгаси, қомусий олим, йирик туркийшунос мутахассис сифатида нафақат бизнинг диёрда, балки хорижлик забардаст олимларнинг ҳам ишончини, ҳурмат-эътиборини қозона олган эдилар.

Устоз билан ишлаш чоғида ҳам, улардан кейин олиб бораётган фаолиятимизда ҳам “Устоз отангдек улуғ” деган ҳикматли иборанинг моҳиятини тобора чуқур англаб бормоқдамиз.

Бинобарин, ота инсоннинг дунёга келишига сабабчи бўлса, устоз инсоннинг маънавий-руҳий, илмий-касбий ва ижтимоий жиҳатдан камолга етишига сабабчи бўлади. Устозимиз чин маънода илм толибларининг камолотини кўзлардилар, инсоннинг ҳар томонлама муваффақиятли бўлиши учун жон куйдирардилар.

Ўзбекистоннинг асл фарзанди, ўзини она Бухоросининг бир зарраси деб билган, юзлаб шогирдларни етиштириб, юрт хизматига “лаббай” деб жавоб бера олган Ҳамид Неъматов бутун умрини, куч-ғайратини, буюк истеъдодини, илму тажрибасини мамлакатимизнинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлашга, маданий юксалишига бағишлади. Юртимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш ҳамда халқ фаровонлигини оширишда фидойилик намуналарини кўрсатиб, юртдошларига ибрат бўла олган умр соҳибидир.

Биз Бухоро давлат университетида таҳсил олган, ишлаган, илмий ва педагогик фаолият олиб борган муаллималар сифатида Ҳамид Неъматовдек эл-юрт ҳурматига сазовор устознинг қатор шогирдларидан бири бўлганимиздан фахрланамиз.

Устоз хотираси ҳар кун, ҳар он қалбимизда, шууримизда яшайди. Зотан, буюк мутафаккир Алишер Навоий айтганларидек: “Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила, Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила”.

Нилуфар ШИРИНОВА,

Наргиза ШИРИНОВА,

Жамоат хавфсизлиги университети Тилларни ўрганиш кафедраси доцентлари.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер