Эзгулик ва адолатни мадҳ этган инсон

13:42 20 Май 2024 Жамият
166 0

Ҳазрат Жалолиддин Румийнинг шундай ҳикмати бор: «Яхши инсон ўзидан бахт, ёмон инсон ўзидан тажриба, хатокор инсон ўзидан дарс, мукаммал инсон ўзидан яхши из қолдиради». Бутун умрини она-Ватанимизга ва халқимизга садоқат билан хизмат қилишга бахшида қилган заҳматкаш ва камтарин инсон Ҳайдар Холиқович Яҳёев ўзидан чуқур из қолдириб кетди…

1927 йил 9 январь куни таваллуд топган отам 5 ёшида падаридан айрилиб, қоладилар. Рўзғор ташвишларини болаликдан ҳис қилгач, кулолга шогирд тушиб, ҳунар ўрганади. Биринчи топган пулини уйига келтирганида маҳалланинг отинойиси бўлган бувижоним Шаҳодатхон ая кўзларида ёш билан «Илоҳим, бошинг тошдан бўлсин болам, ҳамиша ҳалоллик ва поклик шиоринг бўлсин, эл-юрт манфаати учун хизмат қилиб чарчамагин», дея дуо қиладилар.

Дарҳақиқат, бувижонимнинг дуоси отажонимнинг ҳаётлари дастуруламал бўлди. Халқимизда «Олтин олма дуо ол, дуо олтин эмасму?» деган доно мақол бежиз айтилмаган.

Отам Ҳайдар Яҳёев ўз замонасининг илғор зиёлиларидан бири эди. У ўзининг бутун ҳаёти ва фаолиятини ўзбек халқининг тинчлиги ва хотиржамлиги учун бахш этган. Ватанпарварлик, адолатпарварлик, ҳалоллик ва ростгўйлик унинг қон-қонига сингиб кетган эди. Отам оддий косиб фарзанди, болаликдан етимликнинг аччиқ азобини бошидан кечирган, ўта камтарин, самимий инсон эдилар.

Уруш йилларидан сўнг ҳам турмуш осон кечмаган. Етишмовчилик кўплаб оилалар каби бизниям четлаб ўтмаган. Исрофгарчиликка йўл қўймасдан, оддий ва камтарона рўзғор ўтказганмиз. Тўнғич фарзанд бўлганим сабабли уй юмушлари, сингилларим ва укаларимга қараш менга юклатилган эди. Онажоним юрак хуружидан хасталангани учун тез чарчаб қолар, уй ишларида менга таяниб қолгандилар.

…Отам виждонли, ҳалол, зеҳнли инсон бўлганлари боис, бутун умрлари давомида она-Ватанимизга ва халқимизга садоқат билан хизмат қилганлар. Ёш бўлсаларда, болалик даврларидан турли қийинчиликларни бошдан кечириб, иродалари метиндек тобланган ва ҳаёт йўлларида дуч келган ҳар қандай тўсиқларни сабот билан енгиб ўтишга ўзларида куч топа билганлар. Республика раҳбарлари ўша даврда долзарб қурилиш объектларидан бири бўлган Бекободдаги Фарҳод ГЭСига отамни юборганлар. У киши қурилишда ёшлар етакчиси вазифасини бажарганлар.

Ҳайдар Яҳёев ўз меҳнати, ақлу фаросати, қолаверса Аллоҳ инъом этган юксак тафаккури билан дастлаб ДХХ полковниги, кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, Милиция генерал-лейтенанти, истиқлол шарофати билан Олий Мажлис депутати даражасига етганлар. Шу билан бир қаторда, халқимиз қалбида ўчмас из қолдирган юзлаб шеърлар ва қўшиқлар муаллифи, серқирра шоир ҳамда фаол жамоат арбоби сифатида танилган…

Бироқ энг ачинарлиси шундаки, коммунистик партиянинг кўрсатмасига биноан Болтиқбўйи республикалари ва Грузиядан маслакдош топа олмаган Гдлян ва Иванов каби юртимиз бошига кулфат келтирган шум ниятли кимсалар «ўзбек иши» номи остида Ўзбекистондаги минглаб зиёлилар ва меҳнаткашларни қамоққа олиб жиноий иш очади. Айнан ўша даврда республика раҳбарлари қаторида аллақачон вазир лавозимидан истеъфога чиққан отажоним Ҳайдар Холиқович Яҳёвни ҳам ҳеч бир асоссиз уч ярим йил зиндонбанд қилишади. Уч ярим йил давомида нафақат отажонимнинг, балки оиламиз аъзоларининг ҳам бошига қаро кунларни солишади, ҳатто қариндошларни ҳам турли бўҳтон уюштириб, аксариятини қаматишган.

Отам яшаб ўтган даврни республикамизнинг яқин ўтмишдаги тарихи дея баҳолаш мумкин. Чунки отамнинг бошидан ўтган яхши ва ёмон кунларнинг барчаси ўзбек халқининг ҳам бошидан кечган қора кунлардир.

Отам шоирлар, ёзувчилар, санъаткорлар ва бошқа маънавият ва маърифат намояндалари билан яқин дўстлик ришталарини боғлаган эдилар. Эсимни танибманки, уйимизга тез-тез санъаткорлар меҳмон бўлиб келишар эди. Айниқса, уйимизда китобхонлик бўлар эди, таниқли санъаткорларнинг бетакрор овозлари ҳамон ёдимда сақланиб қолган. Мукаррама Турғунбоева бошчилигидаги «Баҳор» ансамбли иштирокчилари, Эргаш Йўлдошев, Бахтиёр Йўлдошев, Фаттоххон Мамадалиев, Эсон Лутфуллаев, Икромжон Бўронов, Таваккал Қодировлар каби халқимиз ардоғидаги кўплаб санъаткорлар бизлар учун қадрдон бўлиб қолган эдилар. Отам санъаткорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлар, барчага бирдек беғараз ёрдам кўрсатишни ўзларининг бурчлари, деб билардилар. Дўстга садоқати, Ватанга муҳаббати кучли эди. Бир шеърларида айтилганидек,

Онам меҳрин жилосидан ато бўлгач ширин жоним,

Очиб кўз кўрганим бўлди, жамолинг боғу бўстоним.

Онамнинг алласи бир-ла қолиб мадҳинг қулоғимда,

Ўзимни эсладим, севдим, сени гул-Ўзбекистоним!

дея она-Ватанимизни мадҳ этиб ўтдилар.

Отажоним адабиёт ва санъатга иштиёқлари баланд бўлгани сабабли, ҳаётлари сўнгида концерт дастурлари, театрларга олиб борганимни эслайман. Мен отажонимнинг бетобликлари туфайли қўлимга қалам олиб айтган хотираларини қоғозга тушириш жараёнида шеъриятга ошно бўлиб қолдим ва қўлига қалам олиб шеър ёзган инсондан ҳеч қачон ёмонлик чиқмаслигига ва унинг фикру хаёли фақат эзгу ниятлар билан лиммо-лим тўлиб тошган бўлишига яна бир бор амин бўлдим.

Отажоним бир умр адолат учун курашиб, ўзлари ноҳақликка учраган бўлсаларда, то сўнгги нафасларигача эзгулик ва адолатни мадҳ этиб ўтдилар.

Мавжуда ЯҲЁЕВА,

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти, тиббиёт фанлари номзоди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?