Европанинг жануби-ғарбий қисмида кучли жазирама туфайли ўрмон ёнғинлари кузатилмоқда (Фото)

23:55 15 Июль 2022 Дунё
782 0

Фото: EPA

Европанинг жануби-ғарбий қисмида кучли жазирама туфайли ўрмон ёнғинлари кузатилмоқда. Франция, Португалия ва Испаниянинг бир қанча минтақаларидаги ўт ўчирувчилар кучли ўрмон ёнғинларига қарши фаол курашмоқда, дея хабар бермоқда Европа ОАВлари.

Фото: EPA

Франциянинг Жиронде департаментида ёнғинлар аллақачон 7,5 минг гектар ўрмонни кулини кўкка совурди. Ўн бир мингдан ортиқ одам эвакуация қилинган. Прогнозларга кўра, вазият якшанба кунига қадар яхшиланишига умид йўқ. Ушбу мамлакат жанубидаги Буш-дю-Рон департаментидаги ёнғинларни ўчиришда 1000 га яқин ўт ўчирувчилар қатнашмоқда, шунингдек, ихтисослаштирилган авиация ҳам жалб этилган.

Фото: EPA

Португалиянинг ғарбидаги Лейрия минтақасида ўт ўчирувчилар кучли шамол туфайли тез тарқалаётган шиддатли ўрмон ёнғинларини назорат қилишга уринмоқда. Бир қанча турар-жой бинолари вайрон бўлган, йўллар ёпилган, кичик аҳоли пунктлари аҳолиси эвакуация қилинмоқда. Мамлакатдаги ушбу вазият фонида фавқулодда ҳолат 17 июлга қадар узайтирилди.

Ёнғинлар Испания жануби-ғарбидаги Экстремадура автоном ҳудудидаги ўрмонларни ҳам қамраб олди. Бу ерда ўтган ҳафтада 5500 гектарга яқин ўрмон ёниб кетди. Ўт ўчирувчилар Кастилия ва Леон автоном ҳудудларида кучли ёнғинлар хавфи ҳақида огоҳлантирди.

Фото: EPA

Бир қатор Европа мамлакатларида ғайритабиий иссиқ қуруқ об-ҳаво ҳукм сурмоқда. Жорий ҳафта Португалиянинг баъзи ҳудудларида ҳаво ҳарорати 47 даражагача кўтарилди. Бу июль ойидаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Францияда жануби-ғарбда термометр 38, жанубда 40 даражагача кўтарилди.

Буюк Британияда биринчи марта юқори ҳарорат хавфининг энг юқори — қизил даражаси эълон қилинди. Мамлакат метеорология хизмати маълумотларига кўра, келаси ҳафтада ҳаво ҳарорати 40 даражага етиши мумкин. Англиянинг кўп қисмини мисли кўрилмаган жазирама қамраб олади. Ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича 30 даражадан ошади, баъзи жойларда ҳатто 40 даражага етади.

Фото: EPA

Буюк Британиянинг марказий қисмида, шимолий, шарқий ва жануби-шарқида хавфнинг энг юқори — қизил, Уэлс ғарбида, шунингдек, Шотландия жанубида жазирама туфайли бироз пастроқ — сариқ хавф даражаси эълон қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер