Европанинг бир қатор мамлакатлари коронавирус билан касалланишнинг кўпайиши сабабли чекловларни кучайтирмоқда

23:25 15 Ноябрь 2021 Дунё
753 0

Фото: AP

Бир қатор Европа давлатларининг расмийлари коронавирус билан касалланишнинг кескин ўсиши фонида чекловларни, шу жумладан, эмланган фуқаролар учун ҳам кучайтиришга мажбур бўлмоқда.

Бу орқали мазкур давлатлар аҳолини эмлаш кампаниясида фаолроқ бўлишга ва бунинг натижасида оммавий иммунитетини имкон қадар тезроқ шакллантиришга интилмоқчи.

Австрия

15 ноябрдан бошлаб мамлакатда 12 ёшдан ошган ва эмланмаган ёки коронавирус инфекцияси билан касалланмаган шахслар учун карантин жорий этилди. Эмланмаган аҳолига фақат супермаркет, дорихонада харид қилиш, муҳтожларга ёрдам бериш, ишлаш ёки сайр қилиш учун уйларини тарк этишга рухсат берилади. Янги чекловлар касалланишнинг рекорд даражадаги сакраши туфайли қабул қилинди. Мамлакатда сўнгги ҳафталарда ҳар куни деярли 12 минг янги ҳолат қайд этилмоқда. Шу боис ҳатто тўлиқ эмланганлар учун ҳам тунги вақтда уйдан чиқишга чекловлар жорий этиш имконияти кўриб чиқилмоқда.

Буюк Британия

Буюк Британияда барча қариялар уйи ходимлари ва қариялар учун тўрт ойлик мажбурий эмлаш муддати тугади. Жиддий тиббий сабабларсиз вакцина олмаган ижтимоий ходимлар ишдан бўшатилиши мумкин. Бундан ташқари, ўтган ҳафтада беморлар билан бевосита алоқада бўладиган Англия Миллий соғлиқни сақлаш тизими ходимларини мажбурий эмлаш бўйича қарор қабул қилинди. Буюк Британия аҳолисининг тахминан 73 фоизи эмлашнинг тўлиқ курсини тугатганига қарамай, мамлакатда касалланиш ҳали ҳам юқори — кунига 40 мингга яқин янги ҳолат қайд этилмоқда.

Греция

Ўтган ҳафтада Греция ҳукумати томонидан эмланмаган фуқаролар учун янги чекловлар киритилди. Унга кўра, уларда касаллик йўқлигини тасдиқловчи ҳужжат (тест натижаси) бўлмаса, банклар, давлат идоралари, дўконлар, ресторанлар ва бошқа овқатланиш объектлари, кўнгилочар муассасалар ва сартарошхоналарга киритилмайди. Белгиланган чораларга риоя қилмаган корхоналар учун жарималар 5 минг еврогача оширилади ва уларнинг фаолияти икки ҳафтага тўхтатилади. Гарчи мамлакатда аҳолининг 60 фоизга яқини тўлиқ эмланган бўлсада, Грецияда ҳозир касалланиш бутун пандемия давридаги энг юқори даражага етган.

Дания

Дания ҳукумати кинотеатрлар, тунги клублар ва ресторанларга ёки 2000 дан ортиқ одам иштирок этадиган тадбирларга ташриф буюриш учун талаб қилинадиган коронавирус паспортларини қайта жорий қилди. Ушбу чора бир ой муддатга амалда бўлади ва эпидемик вазиятга қараб узайтирилиши мумкин. 

Данияда бундай сертификатларнинг амал қилиш муддати сентябрь ойи бошида тугатилган эди. Шундан сўнг касалланиш яна ўсишни бошлади ва ноябрь ойида ўтган йил охиридаги энг юқори даражага яқинлашди.

Италия

Италия ҳукумати тиббиёт ходимларини мажбурий қайта эмлашни жорий этиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Ҳозирги вақтда ҳар қандай тиббиёт муассасасининг ходимлари мамлакатда мажбурий эмлашдан ўтказиладиган ягона фуқаролар тоифаси ҳисобланади. Шу билан бирга, деярли ҳамма жойда ишда ҳам, уйда ҳам зарур бўлган коронавирус сертификатлари талаб қилинади. Сўнгги кунларда Италияда инфекциялар сонининг кўпайиши кузатилмоқда ва ёз ойларидаги рақамларга яқинлашмоқда. Мамлакатда ҳар куни 7 мингдан ортиқ янги инфекция қайд этилмоқда.

Нидерландия

Нидерландияда аввал бекор қилинган чекловлар яна ишлай бошлади - 1,5 м ижтимоий масофани сақлаш талаби яна кучга кирди. Имкон қадар уйда ишлаш тавсияси тикланди. Декабрь ойининг бошига қадар спорт тадбирлари, жумладан, футбол ўйинлари томошабинларсиз ўтказилади. Энди барча кафе, бар ва ресторанлар, шунингдек, энг зарур товарлар сотиладиган дўконлар маҳаллий вақт билан соат 20:00да, бошқа дўконлар эса соат 18:00да ёпилиши керак. Мамлакатда кунига 16 мингдан ортиқ инфекция ҳолати қайд этилмоқда ва бу пандемия даври учун максимал кўрсаткичдир. Декабрь ойида 80 ёшдан ошган аҳолининг 74 фоизга яқини тўлиқ эмланган. Иммунитети заиф одамларнинг айрим тоифалари ревакцинация қилинган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?