Европа Иттифоқи Украинага 18 миллиард евро миқдоридаги янги ёрдам пакети ажратди

19:12 16 Январь 2023 Дунё
1701 0

Иллюстратив фото

Еврокомиссия Украина билан 18 миллиард евро миқдорида молиявий ёрдам ажратиш бўйича меморандум имзолади. Бу маблағ пенсия ва маошлар тўлаш, шунингдек, давлат институтлари фаолиятини таъминлашга йўналтирилади. Янги ёрдам пакетининг бундай мақсадларини Европа Иттифоқи расмий вакили Верле Нейтс айтиб ўтди.

Хусусан, маблағ мактаблар, шифохоналар ва вақтинчалик кўчирилганлар учун уй-жойлар фаолиятини таъминлашга йўналтирилади. Янги ёрдам пакетининг бир қисми, шунингдек, Украинанинг энергетика инфратузилмаси, сув таъминоти тизими, транспорт тармоқлари, жангларда шикастланган йўллар ва кўприкларни таъмирлашга йўналтирилади.

«Ушбу янги пакет билан Европа Иттифоқи 2023 йилда Украинага барқарор пул оқимини кафолатлайдиган биринчи халқаро ҳамкорга айланди», деди Нейтс. Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи 3 миллиард евролик биринчи траншни 17 январь, сешанба куни ўтказиб беради.

Аввалроқ Украина бош вазири Денис Шмигаль Европа Иттифоқи билан Киевга 18 миллиард евро миқдорида ёрдам кўрсатиш бўйича меморандум имзолангани ҳақида маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, олинган маблағлар Украинага макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш имконини беради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?