«Европа Иттифоқи-Марказий Осиё алоқалари»: ёшлар учун мулоқот платформаси яратилди

Фото: Халқ сўзи
Европа Иттифоқи UNICEF ва Европа таълим жамғармаси билан биргаликда «Европа Иттифоқи-Марказий Осиё алоқалари» конференцияси доирасида «Ёшлар мулоқоти» ни ташкил қилди. Унда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон ёшлари рақамлаштириш, иқлим ўзгариши, гендер тенглиги ва минтақа бўйлаб таълим олиш имкониятлари бўйича фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Тадбирда ЕИнинг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан, «Юксалиш» миллий ҳаракати раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов, Халқаро ҳамкорлик бўйича Бош директор ўринбосари Маржета Ягҳер, ЮНИСEФнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Афшан Хон ва ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде иштирок этди. Маърузачилар минтақа даражасида сиёсий муҳим ечимларни топиш мақсадида ёшлар билан музокараларга киришди.
— Биз ёшларнинг сиёсатни ишлаб чиқиш жараёнларида иштирок этиш маданиятини юксалтириш тарафдоримиз, — дейди Шарлотта Адриан хоним. — Бунда ёшларнинг имкониятлардан тенг фойдаланишини таъминлашимиз керак. Шундагина Марказий Осиё ўз салоҳиятини максимал даражада ишга тушира олади.
— Ёшлар минтақада ижтимоий ва иқтисодий тараққиётни жадаллаштиришда асосий ҳамкорлардир, — дейди Афшан Хон. — Уларни ҳимоя қилиш учун бундай платформалар жуда зарур. Ёшларнинг бугунги кун муаммолари бўйича мустаҳкам ғоялари, ечимлари бор. Улар келажакнинг етакчиси эмас, балки бугунги куннинг етакчиси эканликларини яққол намоён этмоқдалар.
Ўтган ойда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Европа кенгаши Президенти Шарл Мишел ўзаро учрашуви чоғида таълим соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш муҳимлиги таъкидланиб, ЕИнинг Марказий Осиёда касб-ҳунар таълимига доир биринчи минтақавий ташаббуси -«Darya» лойиҳаси алоҳида эътироф этилган эди.
Тадбир доирасида ушбу лойиҳанинг ишга туширилиши муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтди.
Ушбу истиқболли ташаббус мамлакатлар ўртасидаги минтақавий алоқаларни мустаҳкамлаш ва трансмиллий аҳамиятга эга бўлган масалаларни ҳал этишга қаратилган.
Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Буюк Британия бош вазири жаримага тортилди
- Мактабларда тил ва касб ўргатишни ривожлантириш чоралари белгиланди
- «Ватан — бамисоли қуёшга ўхшаш...»
- Буркина-Фасода ўғирлаб кетилган аёллар озод қилинди
- Транспорт вазирлари «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли қурилишини муҳокама этишди
- АҚШ бой берилган ҳудудларни Украинага қайтаришга эришиш ниятида эканлигини маълум қилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг