Европа давлатлари Исроил ва Эрондан фуқароларини эвакуация қилишга киришди

10:36 17 Июнь 2025 Дунё
355 0

Яқин Шарқда кескинлашган ҳарбий вазият Европадаги кўплаб давлатларни фавқулодда чоралар кўришга мажбур қилмоқда. Исроил ва Эрон ўртасидаги танглик ортидан Германия, Чехия, Словакия, Польша, Россия каби давлатлар бу мамлакатларда қолаётган ўз фуқароларини хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиш бўйича ҳаракатни бошлаб юборди.

Германия Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Исроилдан эвакуация қилиниши режалаштирилган фуқаролар сони деярли 4 минг, Эрондан эса қарийб 1 минг нафарни ташкил этади. Ушбу рақамлар ELEFAND инқироз тизимида рўйхатга олинганлар асосида ҳисобланган. ТИВ вакиллари барча Германия фуқароларини тизимга рўйхатдан ўтишга чақирди.

Эвакуация ишлари бошқа Европа давлатларида ҳам бошланган. Чехия ҳукумати Исроилдан 80 нафар фуқаросини автоуловлар орқали қўшни давлатлардан бирига олиб чиқиб, у ердан ҳукумат самолёти билан Прагага олиб кетди. Бироқ хавфсизлик нуқтаи назаридан бу давлат номи эълон қилинмади. Словакия ҳукумати ҳам икки ҳукумат самолётини минтақага юбориб, эвакуация ишларини бошлаб юборган. ТИВ баёнотига кўра, биринчи борт 16 июнь оқшомида Братиславага етиб келган.

Польша эса фуқароларини Иордания орқали олиб чиқмоқчи. ТИВ раҳбарининг ўринбосари Хенрика Йоанна Мосьцицкая-Дендиснинг айтишича, фуқаролар қуруқлик орқали Амман шаҳрига олиб борилиб, у ердан махсус рейс билан Польшага қайтарилади. Тахминан 200 нафар польшалик айни дамда Исроилда қисқа муддатли ташриф ёки саёҳат мақсадида бўлиб турибди.

АҚШ элчихонаси ҳам Исроилдаги айрим дипломатлар ва уларнинг оила аъзоларини эвакуация қилмоқда. Америкага чиқиб кетишни истаган фуқароларига эса Иордания орқали мамлакатни тарк этиш тавсия этилган.

Россия элчихонаси эса Эрондаги россияликларга Эрон – Озарбайжон чегарасидаги «Астара» назорат-ўтказиш пункти орқали чиқиб кетишни маслаҳат берди. Ушбу чегара орқали 88 нафарлик ва 225 нафарлик икки гуруҳ Россия ва бошқа давлатлар фуқаролари олиб чиқилган. Эвакуация қилинганлар орасида кинорежиссёр Федор Бондарчукнинг суръатга олиш жамоаси, дипломатлар оилалари ҳамда таниқли симфоник оркестр аъзолари ҳам бор.

Озарбайжон расмийлари эса сўнгги кунларда Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Финляндия, Португалия ва Филиппин фуқаролари Эрон орқали уларнинг ҳудудига кирганини тасдиқлади. Ушбу фуқаролар «Астара» пунктидан ўтказилиб, Боку шаҳрига етказилган.

Мазкур ҳолат Яқин Шарқда юзага келган беқарорлик Европа давлатларини ўз фуқароларини ҳимоя қилишга чорлаётганини кўрсатмоқда. Эвакуация тадбирлари давомида халқаро ҳамкорлик, хавфсизлик чоралари ва логистика масалалари долзарб бўлиб қолмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер