Европа Чемпионлар лигаси: Бугун «Реал Мадрид» «Ливерпул»ни, «Манчестер Сити» эса «Боруссия Дортмунд»ни қабул қилади

19:28 06 Апрель 2021 Спорт
806 0

Фото: AP

Бугун Европа клублари ўртасида футбол бўйича Чемпионлар лигасининг чорак финал босқичи бошланади.

Ўтган йилги пандемия мавсумидан фарқли ўлароқ, чорак финал энди анъанавий иккита ўйиндан иборат бўлади.

Унда Испаниянинг «Реал Мадрид» клуби Англиянинг «Ливерпул» жамоасини қабул қилса, Англияда «Манчестер Сити» клуби Германиянинг «Боруссия Дортмунд» жамоасига қарши майдонга чиқади.

«Реал Мадрид» — «Ливерпул»

Ушбу жамоалар ўртасидаги сўнгги ўйин 2018 йилги Чемпионлар лигаси финали ҳисобланади.

Киевда бўлиб ўтган баҳсда ғолибликни Зинедин Зидан жамоаси қўлга киритган эди ва Европа клублари ўртасида энг нуфузли турнирда кетма-кет уч марта ғолиб чиққан эди.

Учрашувдан кейин тарқалган гап-сўзларга кўра, «Ливерпул» бош мураббийи Юрген Клопп мағлубиятдан сўнг барга кириб, у ерда жамоаси мухлислари билан учрашади ва жамоасини яна бир бор Чемпионлар лигаси финалига олиб чиқишга ҳамда кубокни қўлга киритишга ваъда беради. Бир йил ўтиб, «Ливерпул» футболчилари Мадридда Чемпионлар лигаси кубоги билан суратга тушишади.

Орадан уч йил ўтиб мазкур жамоалар чорак финал босқичига чиқишди. Ўтган мавсумда иккала жамоа ҳам турнирни плей-оффнинг биринчи босқичида тарк этишган эди.

Ушбу ўйиндан олдин на «Ливерпул» ва на «Реал Мадрид»ни Чемпионлар лигасини ғолиби бўлишга фаворит деб атаб бўлмайди.

Юрген Клопп шогирдлари Англия чемпионатида 30 турдан сўнг 14 ғалаба, 7 дуранг ва 9 мағлубият билан, турнир жадвалида 7 ўринда бормоқда. Мусобақа пешқадами билан ўртадаги фарқ 25 очкони ташкил қилади.

«Реал Мадрид» Ла Лигада айни пайтда учинчи ўринда бормоқда. Жамоа ва пешқадам ўртасидаги фарқ уч очкога тенг.

Бугунги ўйинда жароҳатлар туфайли ҳимоячи ва сардор Серхио Рамос ҳамда ўнг қанот ҳимоячиси Дани Карвахал клубга ёрдам бера олмайди. Бундан ташқари, Зинедин Зидан ҳам жароҳатини тиклаган ва аллақачон умумий гуруҳда машғулот олиб бораётган бельгиялик Эден Азарни ҳам бугунги таркибга киритмаган.

«Биз қандай курашишни биламиз ва бу бизнинг кучли томонимиз. Биз «Ливерпул»дан ўтишни ва мусобақани давом эттиришни истаймиз», деди Зидан ўйиндан олдинги матбуот анжуманида.

Унинг ҳамкасби Юрген Клопп бу ўйинни Киев Чемпионлар Лигаси финалидаги муваффақиятсизлиги учун қасос олиш учун имконият сифатида қарамаслигини таъкидлади.

«Биз бу ерда қасос олиш учун келмадик. Кейинги босқичга чиқсак жуда яхши бўларди. Биз ўзимизни яхши формада ҳис қиляпмиз ва ушбу тезликни сақлаб қолишга умид қиламиз. Кўпчилик «Реал Мадрид» фаворит деб демоқда. Ажойиб! Бизда иккинчи даражали роль билан боғлиқ муаммолар йўқ. Мухлисларимизга ҳали ҳам кураш олиб бораётганимизни кўрсатмоқчимиз ", дейди немис мутахассиси.

«Манчестер Сити» — «Боруссия Дортмунд»

Бир қарашда ушбу жуфтликдаги фаворит аниқ. «Манчестер Сити» Англия чемпионатида ғалаба қозониш учун ажойиб имкониятга эга бўлиб турибди. 

Аммо Германия жамоаси олдиндан таслим бўлмоқчи эмас. Бундеслигадаги қийин вазиятни ҳисобга олсак, жамоа Европада муваффақиятдан бошқа нарсага умид қилмаяпти. «Боруссия Дортмунд» 27 турдан сўнг 43 очко билан турнир жадвалида бешинчи поғонада бормоқда.

«Боруссия Дортмунд» ва «Манчестер Сити» ўртасидаги қарама-қаршиликлар тарихи тўртта учрашувдан иборат. Энг қизиғи, уларнинг бирортасида инглиз жамоаси ғалаба қозона олмаган. Учрашувларнинг иккитасида немис жамоаси, яна икки баҳсда эса дуранг натижа қайд этилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?