Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласи назоратга олинди

18:37 29 Август 2022 Сиёсат
332 0

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

2022 йил 29 август куни Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.

         Унда сенаторлар, экспертлар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши котибиятлари мудирлари, вазирлик ва идоралар масъуллари ҳамда Ёшлар парламенти аъзолари иштирок этди.

         Мажлис кун тартибига кўра дастлаб Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси масалалари кўриб чиқилди.

         Хусусан,  “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.

         Мазкур қонунга асосан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, моддий маданий мерос объектларига нисбатан ҳурматсизлик билан муносабатда бўлиш, яъни ёзувлар ёзиш, расмлар чизиш йўли билан уларни таҳқирлаш ёки уларга шикаст етказиш, моддий маданий мерос объектларини, шу жумладан уларнинг тарихий, илмий, бадиий ёхуд ўзгача маданий қимматига доғ туширувчи ёки уларни масхара қилувчи ҳаракатларни содир этиш, худди шунингдек, моддий маданий мерос объектларига нисбатан жамоат тартибини бузувчи ҳаракатларни содир этганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.

         Мажлисда яна бир муҳим масала – Тошкент шаҳри Бектемир туманидаги етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш ҳамда уни жиҳозлаш масалалари сенаторлар эътибор марказида бўлди.

         Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 25 октябрдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 656-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга асосан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаши учун барча зарур шароитларга эга бўлган, хусусан таъмирланган ва ошхона анжомлари, газ плита, кравот, телевизор, музлатгич, стол-стул билан таъминланган, фойдаланишга тайёр бўлган уй-жой берилиши белгиланган.

         Ёшлар парламенти аъзолари томонидан бу борада олиб борилган ўрганишларга кўра, айрим етим болаларга ажратилган уй-жойларда зарур шароитлар яратилмагани аниқланган. Жумладан, бундай ҳолат Тошкент шаҳар, Бектемир туманида аниқланган.

         Мажлисда Тошкент шаҳар ва Бектемир тумани ҳокимлиги мутасаддилари ҳамда Молия вазирлиги вакиллари, Миллий гвардия масъуллари иштирокида мазкур масала атрофлича муҳокама этилди. Аниқланган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш бўйича масъулларга тегишли вазифалар белгилаб берилди.

Мажлис якуни бўйича Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

 

«Халқ сўзи»,
Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер