Эътибордан кучимизга куч, ғайратимизга шижоат қўшилди

21:11 31 Август 2022 Жамият
615 0

Сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан Хоразм вилоятининг туризм салоҳиятини юксалтириш мақсадида амалга оширилган дастурлар натижасида қадим Хивада ҳам туризм инфратузилмаси тубдан янгиланди. “Лазги”, “Қовун сайли” каби фестиваллар, Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишланган халқаро кураш мусобақаси, “Баҳодирлар ўйинлари” каби спорт тадбирлари қўҳна шаҳар довруғини дунёга таратяпти, десак, адашмаймиз.

Ушбу қутлуғ кунларда Хоразмда байрам тантаналари, қувончли шодиёналар бир-бирига уланаётир. Давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга ташриф буюриб, Ватан озодлиги учун курашган буюк саркарда Жалолиддин Мангуберди ҳайкалининг очилиши тантаналарида қатнашиши, ал-Хоразмий шаҳарчаси қурилиши пойдеворига капсула қўйиши барча юртдошимизга байрамона кайфият, кўтаринки руҳ, янги куч ва ғайрат бағишлади.

Бу йил меҳнат фаолиятимга 50 йил тўлди. Ярим аср мобайнида Хивадаги Ичан-қалъа музей қўриқхонасида илмий изланишлар олиб бордим. Ўнлаб шогирдлар тарбияладим, илмий тадқиқотларим маҳсули — китоблар нашр этдим. Кейинги йилларда юртимизда туризмни ривожлантириш ва маданий меросни ўрганишга қаратилган катта эътибор биз, тарихчи олимларга улкан рағбат берди.

Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонларига мувофиқ, мустақиллигимизнинг 31 йиллиги арафасида бир қатор юртдошларимиз фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан мукофотланди.

Шулар қаторида менинг ҳам камтарона меҳнатим қадрланиб, давлатимизнинг юксак мукофотига лойиқ топилганимдан бениҳоя шодман. Инсон манфаатлари устувор аҳамият касб этган, барча ислоҳот фуқароларнинг ёруғ истиқболи учун хизмат қилаётган бу юртда ҳеч бир меҳнат рағбатсиз қолмаслигига яна бир бор амин бўлдим.

Эътибордан кўнглим тоғдек кўтарилиб, юрт равнақи йўлида яна янги ташаббуслар билан фидокорона меҳнат қилишга ундамоқда.

Комилжон ХУДОЙБЕРГАНОВ,

“Ичанқалъа” давлат музей қўриқхонаси илмий котиби, 

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси.



Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер