Эртанинг саодатига ишонган инсон

15:46 24 Июль 2020 Жамият
354 0

Инсон ҳаётидаги энг беғубор ва бахтли дамлар бу албатта болалик давридир. Болалик дамларимни ёдга олар эканман, беихтиёр лицей ҳовлисида ҳаёт ташвишларидан холи, эрталабки «распевка»ни жўшиб куйлаётган қиз кўз олдимга келади. 

Умид ихтисослаштирилган мактаб интернати. 2019 йилги сурат

1996 йил кеч куз Жиззах вилояти Дўстлик тумани Янгиобод қишлоқ фуқароларига қарашли пахта далалари.

Мактаб болалари ёппасига пахта йиғим теримига жалб қилинган. Чаноқда пахталар аллақачон тугаган, кичик ёшдаги мактаб болалари бўйниларига илинган фартукларга курак (пахтани очилмаган қисми) териб ичидан пахтаси ажратиб олинар эди. Ноябрь ойи ўрталари изғирин. Мактабга фақатгина уч ойгина тўлиғича борар эдик. Таълимни аҳволи анчагина абгор ҳолда эди.

Вилоятга янги тайинланган хоким ғўзалар оралаб кичик ёшдаги мактаб болаларини бу каби об-ҳавода кўрак теришга қайта жалб қилмаслик ҳақида қатъий топшириқ бериб, мактаб шароитини яхшилаш иситиш чоралари кўриш юзасидан қатор кўрсатмалар берилди.

Шу болалар орасида мен ҳам бор эдим. Бу гапларни эшитиш худди эртага байрам дегандек эшитилди менга гўё.

1997 йил сентябрь. Жиззах шаҳри марказида янги ташкил этилган «Умид»лицей интернати.

Илк саралаш имтиҳонларидан аъло натижаларни қўлга киритиб, лицейга қабул қилиндим. Кўнглимда бир олам қувонч, сўз билан ифодалаб бўлмайдиган туйғулар жўш урарди, ахир бу бу тенгсиз имконият, ўқишни жонидан яхши кўрган оддий оила фарзандлари учун бундан ортиқ бахтни тасаввур қилиб бўлмасди. Қабул қилинган ўқувчиларнинг аксарияти ана шундай чекка туманларда, қишлоқлардан имтиҳон асосида қабул қилинган ўқувчилар эди.

Хорижий тилларни ўрганиш бўйича қўшимча курслар, замонавий фанларни яхши ўзлаштирган етук мутахассислар иштирокидаги дарслар, компьютерлаштирилган хоналар билим олиш учун барча шароитлар бекаму-кўст тайёрланган эди. Айтиш мумкинки, у пайтга қадар қиз болалар учун бу каби ўқув масканлари умуман йўқ эди. Турк лицейи ҳам эндигина ёпилган.

Давлатимиз раҳбари, ўша пайтдаги вилоят хокими Шавкат Мирзиёев (1996 — 2001 йиллар) кўмаги ҳамда ташаббуси билан очилган ушбу иқтидорли болалар лицейида болаларга яхши таълим бериш учун хориж мутахассислари ҳам жалб қилинган ҳамда дарсдан сўнг улар билан эркин мулоқот муҳити яратилган эди. Инглиз, немис тиллари билан бирга араб, форс тиллари ҳам мукаммал ўргатилди. Энг муҳими, қўшимча дарслар, курслар ҳаммаси бепул, ўқувчилар қизиқишига қараб йўналтириларди.

Хабар олишга келган дадам ўша пайтларда яратилган шароитни кўриб « эҳ қизим министрни боласида ҳам бунақанги шароит йўқ, отасига раҳмат, шунча шароитни яратишни ўзи бўлмаган қизим, фидоий инсон экан, яхши ўқигин» дея қайта-қайта алқаб лицей ёнидаги китоб дўконидан «Сканави» математика китобини сотиб олиб бериб, уйга кетганлари эсимда...

Ҳаётининг энг мурғак давридаёқ ҳаёт ташвишларини кўриб улгурган юздан ортиқ болалар замонавий шароитда, сифатли таълим олишга муваффақ бўлдилар.

11-12 ёшли болалардан катта умидлар кутиб бошланган иш амалда ўзининг юксак натижалари билан намоён бўлди.

Қиз бола фақат уйдаги уй-рўзғор ишлари учун туғилган деган кўникмаларни бузиб ўтган, ўша қизлар орасидан кўплаб турли даражадаги олималар, фан номзодлари мамлакатимизда ва дунёнинг турли ривожланган мамлакатларида ўз фаолиятини олиб бормоқдалар.

Лицей битирувчиларидан бири Волида Эшонқулова. БМТнинг Тараққиёт фонди Кадрлар бошқармасида катта ходим

«Сизларнинг ҳар бир қўлга киритган ютуғингизда бизнинг номимиз ҳам қўшиб тилга олинади деган эдингиз. Ҳа, ҳар сафар ўқишда, ишда янги поғоналарга кўтарилар эканман, лицейда олган билимим, бизга кўрсатилган меҳр эътиборни эслаб кўнглим чексиз ғурур ва ифтихорга тўлади. Биз ишончингизни оқлаймиз».

Волида Сулаймонова (Дания)

Каримова Зулфия. Германиянинг Гумбольдт университетининг магистратура босқичи битирувчи талабаси.

«Германияга бўлган ташрифингиз давомида ёшлар билан бўлган учрашувда қатнашдим. Сизни кўриб ўша лицейдаги қувноқ шодон дамларга бир он бўлса-да қайтгандек бўлдим. Миллат тақдири чин маънода билимли оналар қўлида эканлиги бугун ҳар дақиқада ўз исботини топмоқда. Ўзим ҳам яхшиям ўшанда ўқиган эканман, ич-ичимдан хурсанд бўламан.

Эртага она, бека бўладиган қизларимизнинг олий маълумотли бўлиши миллатимизнинг чин маънода юксалиши демакдир.

Айнан ўзим бугун нарсаларни қадрига кўпроқ етгандекман. Таълимни ислоҳ этилиши миллатни эртасига пойдевор қўйилишидир. Илмий изланишларим якунига етиши биланоқ ўз Она-Ватанимга қайтаман бир яхши фарзанд сифатида юртимиз равнақига ўз ҳиссамни қўшаман».

Зулфия Каримова ( Германия)

«Пойтахт кўчаларидан ишга келар эканман, беихтиёр Мирзачўл далаларида сув лотокни соясида китобига термулиб турган кўнглидаги орзуларини кимга айтишни билмай турган 11 ёшли ёшли қиз кўз олдимдан ўтади. Бу Сизнинг ҳаракатингиз, ташаббусингиз ҳамда бир гуруҳ фидоий ўқитувчиларнинг меҳнати натижасидир. Жуда кўп баландпарвоз гаплар айтиш мумкин, лекин мен юртимизда ҳақиқатда энг қийин дамларда ҳам таълимни юксалтиришга жонини фидо қиладиган инсонлар кўпайсин».

Дилдора Эргашева,
(Тошкент)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?