Эркин Комилов ва Гавҳар Зокирова пахта теримига чиқди (Фото)

17:45 09 Октябр 2018 Маданият
1621 0

“Халқ сўзи Online”. Қудратилла Нажмиддинов/Наманган. Йиғим-терим мавсумида пахтакорга мадад бериб, “ҳорманг”, дея дала меҳнатчисининг кўнглини олиш анъанага айланган. Айниқса, қисқа муддатли ҳордиқ соатларидаги маданий хизмат кишининг чарчоғини ёзиб юборади.

Норин туманидаги “Дурдона-Ғайрат” фермер хўжалигининг ҳосил қизғин йиғиб олинаётган пайкалига ташриф буюрган Ўзбекистон Халқ артистлари Эркин Комилов ҳамда Гавҳар Зокирова билан учрашув ҳам“оқ олтин” мавсуми иштирокчиларига нашъали соатларни ҳадя этди.

Ҳар икки санъаткорнинг теримга иштиёғи баланд экан, дарров белга этак боғлаб, сафга қўшилишди. Ҳазил-мутойибага йўғрилган суҳбатдан диллар яйради. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай туман маданият бўлимига қарашли “Гулдаста” ансамбли тушлик устида кичиккина концерт дастури ташкил этди. Йигит-қизлар халқ артистларини даврага тортишди, куй-қўшиқ оҳангига мос рақслардан барча бирдай завқ олди. Мароқли тадбир ниҳоясида илғорлар шарафланди. Энг чаққон теримчилар китоблар тўплами ҳамда қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантирилди.

“Хўжалигимиз аъзолари, уларга ёрдамга чиққан маҳалла аҳлининг кучи билан даладаги ҳосилнинг 70 фоизга яқинини йиғиштириб олдик. Бугун таниқли санъаткорлар, улар билан бирга келган маънавият тарғиботчилари билан учрашувдан кўнглимиз тоғдай кўтарилди, ғайратимиз ортди”, - дейди фидойи фермер Маҳфират Хожиева.

Наманган вилоят маданият бошқармаси, Республика маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, Ёшлар Иттифоқи вилоят Кенгаши томонидан “Ҳорманг, азиз пахтакорлар!” шиори остидаги бундай маданий-маърифий тадбирлар барча туманларда ташкил этилиб, меҳнат аҳлининг мазмунли ҳордиқ чиқариши таъминланмоқда. Давраларда янграган куй-қўшиқ, мушоиралардаги шеърлар жаранги теримчилар кучига-куч қўшмоқда, иш суръати тобора кўтариляпти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?