Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш тартиб-таомиллари такомиллаштирилмоқда

18:27 26 Сентябр 2022 Жамият
369 0

Иллюстратив фото

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг йиғилишида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор бир қатор қонун лойиҳалари атрофлича муҳокама қилинди.

Дастлаб депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикаси адлия органлари тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасиниг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Депутатлар ушбу қонун лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида унинг бугунги кундаги аҳамияти ва заруратига алоҳида эътибор қаратди. Партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Қизғин муҳокамалардан сўнг, мазкур қонун лойиҳаси маъқулланди.

Йиғилишда фракция аъзолари “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқди.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан ер қаъри участкаларидан фойдаланувчилар учун минимал талаблар аниқ ва очиқ тарзда келтириб берилмоқда. Қолаверса, ер қаъри участкаларидан фойдаланиш тартиб-таомиллари такомиллаштириляпти.

Хусусан, геологик жиҳатдан ўрганиш ўтказилмаган ва кам ўрганилган ер қаъри участкаларини халқаро стандартлар асосида блоклар (майдонлар)га ажратиш тизими жорий этилмоқда. Бунда ер қаъридан фойдаланиш учун рухсатномалар талабгорнинг мурожаатига мувофиқ “биринчи келган биринчи олади” принципи асосида шаффоф механизмлар орқали онлайн тарзда берилиши мустаҳкамланяпти.

Фракция аъзолари қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш, пишиқ-пухта ҳолатга келтириш бўйича бир қатор таклифлар беришди. Илгари сурилган таклифлар ушбу ҳужжатни маромига етказишга хизмат қилиши эътиборга олиниб, мазкур ҳужжат қўллаб-қувватланди.

Йиғилишда фракция ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?