Ер ости сувлари муҳофазаси кучайтирилади

Фото: president.uz
Президент Шавкат Мирзиёев ер ости сувларини муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирлар тақдимоти билан танишди.
Ер ости сувлари табиат ва аҳоли учун энг зарур чучук сув манбаларидан бири. Ундан тартибсиз фойдаланиш оқибатида кўп жойларда ер ости суви камайиб кетмоқда. Навоий, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларининг айрим ҳудудларида унинг сатҳи 5 метргача пасайиб кетган.
Шунга қарамай, жойларда рухсатсиз қудуқлар бурғилаш, ер ости сувларидан назоратсиз ва ҳисобсиз фойдаланиш ҳамон давом этмоқда. Шу боис, Президентимиз кўрсатмасига мувофиқ, ер ости сувлари муҳофазасини кучайтириш ва ундан фойдаланишни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.
Унга кўра, ер ости сувининг сатҳи 5 метрдан зиёд пасайган ҳудудларда қудуқлар бурғилаш ва ер ости сувларидан фойдаланишга мораторий жорий қилинади.
Ҳозирги кунда қудуқларнинг 90 фоизида ҳисоблагич йўқлиги сабабли ер ости сувлари сарфи тўғрисида аниқ маълумот тўплаш имкони бўлмаяпти. Шунинг учун ер ости сувларидан фойдаланувчиларга 2024 йил 1 январга қадар ўз тасарруфидаги иншоотларни сув ҳисоблагич билан жиҳозлаш мажбурияти қўйилмоқда.
Шунингдек, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб ҳар бир қудуққа алоҳида эмас, балки қудуқларни бурғилаш фаолиятига рухсатнома бериш йўлга қўйилади. Сатҳи пасайиб кетаётган ер ости суви конларини тубдан қайта баҳолаш бўйича геология-қидирув ишлари амалга оширилади.
Яна бир янгилик – ер ости сувларининг ҳолатини кузатиб бориш, хавфли геологик жараёнлардан муҳофаза қилишнинг ягона тизимини яратиш мақсадида Давлат геологик мониторинг хизмати ташкил этилади.
Умуман олганда, бу чора-тадбирлар ер ости сувининг камайиш жараёнини тўхтатиш ва бошқа ҳудудларда бундай ҳолат юзага келишининг олдини олишга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, сувдан ҳисобсиз фойдаланишга чек қўйиш, бу борада интизомни кучайтириш бўйича кўрсатмалар берди. Чучук сув манбаларини асраш ва аҳоли учун узоқ муддатга етадиган захира яратиш муҳимлигини таъкидлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Буюк Британия бош вазири жаримага тортилди
- НАТО Украина масаласида Россия билан музокара қилишнинг ягона йўлини маълум қилди
- Энергия таъминотини яхшилаш масалалари кўриб чиқилди
- Мактабларда тил ва касб ўргатишни ривожлантириш чоралари белгиланди
- «Ватан — бамисоли қуёшга ўхшаш...»
- Буркина-Фасода ўғирлаб кетилган аёллар озод қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг