Энг завқли машғулот – қалбингни тозалаш — Эшқобил Шукур

16:17 05 Август 2022 Жамият
402 0

Фото: Халқ сўзи

Термиз шаҳридаги Санъат саройида истеъдодли шоир ва носир, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Эшқобил Шукурнинг 60 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Сурхондарё вилоят ҳокими Тўра Боболов, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, «Тафаккур» журнали бош муҳаррири Эркин Аъзам, таниқли шоирлар Шодмонқул Салом, Маҳмуд Тойир, Салим Ашур, профессор-ўқитувчилар, Эшқобил Шукурнинг сафдошлари, ОАВ ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида туғилган Эшқобил Шукурнинг бугунги кунга қадар «Юракни ўрганиш», «Сочлари сумбул-сумбул», «Тунги гуллар», «Яшил қушлар», «Ҳамал айвони», «Кўҳна боғ ривоятлари», «Кўз юмиб кўрганларим», «Бобосўз изидан», «Аср афсоналари» каби ўнлаб китоблари ўқувчилар қўлига етиб борган.

Эшқобил Шукур ижодининг илк давридаёқ адабиёт ихлосмандлари назарига тушиб, қалбларга яқин, самимиятга йўғрилган шеърлари, насрий асарлари севиб ўқиб келинади. У 2012 йилда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими унвони билан тақдирланди. Ижодий, маърифий-маънавий фаолияти «Олтин қалам» халқаро мукофотига ҳам лойиқ топилган. Шоир жорий йилда Истанбулда бўлиб ўтган Туркий халқлар шеърияти халқаро фестивалида 20 дан ортиқ мамлакатлар вакиллари ичида Бош мукофотни қўлга киритди. Шоир шеърлари Америка, Россия, Туркия, Озарбайжон, Жанубий Корея, Украина, Ҳиндистондаги нашрларда эълон қилинган. Эшқобил Шукур айни пайтда «Маънавий ҳаёт» журналининг бош муҳарриридир.

Дарҳақиқат, юбилей тадбирида бот-бот таъкидланганидек, Эшқобил Шукур ўзбек шеъриятида ўз ўрнига, бошқа ҳеч бир шоир билан адаштириб юбормайдиган овозга эга шоир. У фикр ва ҳаяжон шоиридир.

Илҳом Раҳматов,  «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер