Энг кам йиллик меҳнат таътили муддати узайтирилди

19:20 03 Ноябрь 2022 Жамият
585 0

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига бағишланган семинар ўтказилди.

Қуйи палата депутатлари ва Девон ходимлари иштирок этган семинарда янги Кодекснинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш, унинг ижросини таъминлашда депутатлик корпуси олдида турган устувор масалалар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида барча соҳалар қатори меҳнат муносабатлари тизимида ҳам сезиларли ўзгаришлар бўлди. Соҳага институционал, ташкилий-ҳуқуқий, қонунчилик, норма ижодкорлиги ҳамда халқаро стандартларни жорий этиш бўйича кенг кўламли тизимли ишлар олиб борилди.

Меҳнат кодекси меҳнатга оид муносабатларни тартибга солишга хизмат қиладиган асосий қонун ҳисобланади. Лекин 1995 йилда қабул қилинган ушбу Кодекс мамлакатимизда ижтимоий соҳа ва иқтисодиётни ривожлантириш, жумладан, инвестиция муҳитини яхшилаш, иш билaн тaминлaшнинг зaмoнaвий шaкллaри ҳамда кaсб-ҳунaргa ўқитиш тизимлaрини жoрий этиш борасидаги кенг кўламли ислоҳотларга мос келмай қолди.

Илгариги Кодексдаги нормаларда давлат ташкилотлари ва саноатнинг йирик корхоналари ҳамда турли мулкчилик шакллари, айниқса, кичик ва ўрта бизнес субъектларидаги меҳнат муносабатлари акс эттирилмаган. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси томонидан сўнгги йилларда ратификация қилинган айрим халқаро конвенциялар ва ҳужжатлар меъёрлари имплементация қилинмаган эди.

Шу боис, янги таҳрирдаги кодексни ишлаб чиқиш ҳақидаги устувор вазифалар бир неча йил олдин, аниқроғи, 2017 йил 7 февралда қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланганди. Орадан олти йилга яқин вақт ўтиб, ушбу кодекс қабул қилинди.

Семинарда янги Кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиш чоғида 10 дан ортиқ халқаро ташкилот, жумладан, Халқаро меҳнат ташкилотининг қатор конвенциялари, 60 дан зиёд давлат тажрибаси ўрганилгани, Кодекс лойиҳаси Қонунчилик палатасида 1 йил давомида жуда чуқур таҳлил этилиб, маромига етказилгани қайд этилди.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг ҳажми амалдагисига нисбатан деярли 3 баробар катта бўлиб, 600 га яқин моддани ўз ичига олган. Ҳужжатда бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқишни назарда тутувчи нормалар қўшилди.

Сўз олганлар илгариги Меҳнат кодексида муддатли меҳнат шартномасини тузиш учун фақат 3 та асос мавжудлигини, янги Кодексда 19 та асослар келтирилгани, ушбу асосларнинг кенгайиши бизнес юритиш ва тез ўзгарувчан бозор шароитларига тезкор мослашиш имконини беришини билдирди.

Шунингдек, янги Кодексда бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқиш каби нормалар ўз ифодасини топгани айтиб ўтилди.

Шу билан бирга, янги Кодексда ижтимoий вa ҳуқуқий ҳимoяга муҳтoж ишчилaрнинг aйрим тoифaлaри – aёллaр вa oилaвий мaжбуриятлaрни бaжaриш билaн шуғуллaнaдигaн шaxслaр, 18 ёшгa тўлмaгaн ишчилaр, нoгирoнлaр, ўриндошлик асосида ишловчилар, яккa тaртибдaги тaдбиркoрлaр мeҳнaтини тaртибгa сoлишнинг ўзигa xoс xусусиятлaри ҳам акс этган.

Хусусан, иш берувчи ҳомиладор аёлларга бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида антенатал (туғруққача) парваришлаш учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча бўш кунларни бериши лозим бўлади. Ходимнинг иш стажига қараб ишдан бўшатиш нафақасини табақалаштириш ва бунда айнан ушбу ташкилотда ишлаган муддатини инобатга олиш назарда тутилди.

Семинарда иштирокчилар томонидан янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида қандай янги нормалар назарда тутилмоқда, қонунни амалиётга жорий этиш орқали нималарга эришиш мумкин, деган саволлар кўтарилди.

Депутатларнинг айтишича, янги Кодексда ходимнинг шахсга доир маълумотларини ҳимоя қилиш тартиби жорий этилди. Меҳнатга оид муносабатлар сабабли иш берувчига тақдим этилган, ходимнинг, шунингдек, унинг оила аъзоларининг ҳаётидаги фактлар, воқеалар ва ҳолатлар тўғрисидаги шахсга доир маълумотлар ҳимояси кафолатланмоқда.

Шунинг баробарида, ходимларнинг йиллик асосий таътили муддатининг давомийлиги кўпайтирилиб, халқаро стандартларга мувофиқлаштирилди. Амалдаги Меҳнат кодексига асосан, йиллик асосий таътил муддати ўн беш иш кунини ташкил этади. Янги тартибга биноан, йиллик асосий меҳнат таътили давомийлигининг энг кам муддати йигирма бир календарь куни этиб белгиланди ва халқаро стандартга мувофиқлаштирилди.

Семинарда депутатлар томонидан Кодексдаги янги нормаларнинг мазмун-моҳиятини жойларда сайловчилар ўртасида тушунтириш, тарғиб қилишда замонавий усул ва услублардан самарали фойдаланиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Меҳнат кодексининг ҳаётга самарали татбиқ этилишини таъминлаш парламент зиммасига ҳам катта масъулият юклаши, депутатлар тегишли вазирликлар, идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда аҳоли ўртасида Кодекснинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш бўйича жойларда туркум семинарлар ўтказиши лозимлиги таъкидланди.

Якунда меҳнат жамоаларида тегишли масъуллар иштирокида кодекс мазмун-моҳияти борасида батафсил тушунтириш ишларини олиб бориш ҳамда ҳужжат аҳамиятини кенг тарғиб қилиш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?