Энг азиз ва қадрли байрам қувончи

15:36 31 Август 2022 Жамият
559 0

Фото: Халқ сўзи

Халқимиз учун энг азиз ва қадрли айём Фарғона вилоятида ҳам катта шодиёна билан нишонланмоқда.

Фарғона шаҳридаги муҳташам Театр ва концерт саройи очиқ майдонида ташкил этилган «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз» шиори остидаги мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллигига бағишланган байрам тадбири унутилмас таассуротлар билан ўтди.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров тантана қатнашчилари ва уларнинг тимсолида вилоят аҳлини байрам билан самимий қутлаб, кейинги йилларда юртимиз, хусусан, вилоятда бўлаётган янгиланиш ва ўзгаришларни мамнуният билан эътироф этди.

— Муҳтарам Президентимизнинг жорий йил май ойида вилоятимизга қилган ташрифи чоғида «Биз Фарғонадан катта натижалар кутамиз», деган сўзлари аниқ мақсад ва вазифаларни белгилаб олишда муҳим омил бўлмоқда, — деди вилоят ҳокими. — Бу ишончга жавобан барчамиз меҳр ва садоқат билан фидокорона меҳнат қилиб, барча соҳада давлатимиз раҳбари кутган катта натижаларни қайд этишга астойдил бел боғлаганмиз.

— Олис ҳудудлардан саналган маҳалламизда «Обод қишлоқ» дастури доирасида кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, вилоятнинг энг намунали гўшалардан бирига айланди, — дейди Учкўприк туманидаги «Тошкентлигузар» МФЙ раиси Акбархўжа Турсунов. — Кейинги йилларда тадбиркорлик, ҳунармандчилик соҳаларида маҳалладошларимиз салмоқли ютуқларни қўлга киритмоқда. Байрам арафасида Президентимиз Фармонига кўра «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланганим маҳалла раиси, тадбиркор сифатида мени жуда ҳам қувонтирди. Яқин келажакда Тошкентлигузарни мамлакатимизнинг энг кўзга кўринган маҳаллаларидан бирига айлантиришга ҳаракат қиламиз.

Театрлаштирилган байрам томошалари, гала-концерт ва анвойи мушаклар жилоси байрам шукуҳига шукуҳ, тантана иштирокчиларига бир олам қувонч улашди.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер