Энергетика вазирлигининг махсус штаби бошлиғи ўринбосари хатирчилик депутатлар олдида ҳисобот берди

16:16 27 Ноябрь 2020 Жамият
221 0

Иш режасига кўра Республика Энергетика вазирлиги махсус Штаби аъзолари истеъмолчиларни 2020-2021 йиллар куз-қиш мавсумида табиий ва суюлтирилган газ, электр энергияси, кўмир ҳамда брикет маҳсулотлари билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Навоий вилоятига ташриф буюрди.

Ишчи гуруҳнинг Хатирчи туманига ташрифи доирасида дастлаб, Халқ депутатлари Хатирчи тумани Кенгашининг навбатдаги сессияси чақирилди.  Сессияда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги махсус штаби бошлиғи ўринбосари Акмал Эшонқулов куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни энергия ресурслари билан таъминланиши бўйича олиб борилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари тўғрисида ҳисобот берди. Чунончи, 2020-2021 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари давомида аҳолини бир маромда табиий газ билан таъминлаш учун Навоий вилоятидаги жами 3,50 км, жумладан, Хатирчи туманида 0,2 км газ қувурлари реконструкция қилиниб, уларининг 0,4 км қисми, яъни Хатирчи тумани «Парахун» маҳалласидаги 0,4 км газ қувурлари мукаммал, 2 та газ тақсимлаш пункти капитал таъмирлангани, 500 дан ортиқ газ тақсимлаш қурилмалари тафтиш қилиниб, 4,5 км газ қувурларида босим остида зичликка синаш ва ҳаво босими ёрдамида тозалаш ишлари олиб борилгани,  6 км дан ортиқ ер ости газ қувурлари эса прибор усули билан текширилгани хусусида маълумот берилди.

Шунингдек, вилоят истеъмолчиларига 2020-2021 йил куз-қиш мавсуми даврида етказиладиган суюлтирилган газ режаси ишлаб чиқилиб, унга кўра, истеъмолчиларга 2020 йилнинг тўртинчи чораги давомида жами 7859 тонна, 2021 йилнинг биринчи чораги давомида эса 3824 тонна суюлтирилган газ етказиш белгилангани таъкидланди.

Сессия иштирокчиларининг кун мавзуси юзасидан берган саволларига масъуллар томонидан атрофлича жавоб берилди.

Шундан сўнг ишчи гуруҳ томонидан Хатирчи туманининг олис ҳудудида жойлашган «Олтинсой» маҳалласи «Чилаш» қишлоғи аҳолисини электр энергияси ва суюлтирилган газ билан таъминлаш ишлари ҳолати ўрганилди. Мавжуд муаммоларни қисқа муддатларда ҳал этиш бўйича масъулларга аниқ муддатли топшириқлар берилди.

Ишчи гуруҳ вакиллари туманнинг «Сарой» маҳалласида эса ҳудуддаги икки нафар эҳтиёжманд оилага газ плитаси топшириб, аҳолига суюлтирилган газ ҳамда кўмир маҳсулотлари тарқатилишини кузатиш жараёнида уларнинг таклиф ва талабларини ўргандилар.

Темур ЭШБОЕВ,

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?