«Энди сувга ҳам пул тўланадиган бўлдими?»

Андижон шаҳрининг «Боғишамол» даҳасида истиқомат қилувчи фуқаронинг мурожаатига асосан хонадонида бўлдик. Аёл тоза ичимлик суви таъминотидаги узилишлар ҳақида маълум қилган эди. Ўрганиш давомида билдикки, даҳа адирлик устида жойлашгани боис ичимлик суви таъминотида махсус талабларга риоя қилинади. Шу сабаб ҳудудга белгиланган соатлардагина сув етказиб берилади. Мурожаатчига буларни тушунтириш жараёнида ўзининг истеъмолчилик маданиятига қай даража амал қилаётгани билан ҳам қизиқдик. Яъни охирги марта фойдаланилган тоза ичимлик суви учун қачон ва қанча миқдорда тўловни амалга оширганлигини сўрадик. Шунда аёл юзимизга ҳайрат тўла нигоҳини қадаганча: «Ие, энди сувга ҳам тўлов ундиришни бошладингизларми?» деса бўладими... Суриштирсак, бу истеъмолчи 25 йил давомида ҳали бирор марта сув учун пул тўламаган экан.
— Бу каби фойдаланувчилар, афсуски, топилади, — дейди «Андижон сув таъминоти» МЧЖ Матбуот хизмати раҳбари Марҳабо Насриддинова. — Улар ҳудудларни сувлаштириш тўловлар ҳисобидан амалга оширилишини тасаввур ҳам қилишмайди. Баъзилари билиб туриб, билмасликка олишади. Хуллас, фуқароларнинг фойдаланилган тоза ичимлик суви учун тўловларни амалга ошириш фаолиятини қониқарли, деб бўлмайди.
Шундай бўлишига қарамай, Андижон вилоятида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасидаги ишлар кўлами тобора ортиб бормоқда. Сўнгги уч йил давомида барча манбалар ҳисобидан 372 миллиард сўм маблағ сарфланиб, вилоятнинг 383 минг нафар аҳолиси илк бор ичимлик суви билан таъминланди, 500 мингдан ортиқ аҳолининг сув таъминоти яхшиланди. Сув таъминоти даражаси 69,1 фоиздан 81,4 фоизга етказилди. Бу кўрсаткичлар янада кўпроқ рақамларни ташкил этиши мумкин эди, қачонки, аҳоли тўловларни ўз вақтида амалга оширса!
— Йилнинг шу даврига қадар истеъмолчиларнинг жами қарздорлиги 23,7 миллиард сўмни ташкил этмоқда,-дейди жамият бош муҳандиси Дилмуроджон Султонов. — Бироқ, бир ойлик тўлов ўртача 4 миллиард сўмни ташкил этмоқда, холос. Айниқса, Хонобод шаҳри ва Асака туманида тўлов миқдори вилоятнинг ўртача тушум даражасидан ҳам паст. Тўғри, пандемия шароитида аксарият юртдошларимиз даромадсиз қолди. Буни ҳисобга олган ҳолда маълум вақт тўлов ундирилмади. Айни пайтга келиб деярли барча меҳнат фаолиятига қайтди. Фойдаланилган тоза ичимлик суви учун тўловлар эса йиғилиб қолди. Бу миқдор йўқолмайди, аксинча истеъмолчилар зиммасидаги қарз сифатида тўпланиб тураверади. Уни ўз вақтида тўламаслик жарима ундирилишига ҳам сабаб бўлади.
Вилоятда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида бажарилиши керак бўлган ишлар бисёр. Зеро, айрим ҳудудларга ичимлик суви куннинг маълум соатларидагина берилса, баъзи ҳудудларга махсус транспорт воситалари орқали етказиб берилмоқда. Хўш, вазият қачон 100 фоиз даражада яхшиланади? Ушбу савол билан мурожаат қилувчи айрим фойдаланувчиларга қарс икки қўлдан чиқишини эслатиб қўйгимиз келди. Агар биз тўловларни ўз вақтида бажарсак, мутасадди идоралар томонидан бажарилиши керак бўлган ишлар ҳам бир мунча изга тушиб кетиши, шубҳасиз.
Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 23 ёшли йигит ўқишга кира олмаганини яшириш учун 4 кишини ўлдирди. Уларнинг барчаси оила аъзолари
- Ўқувчилар ўртасида математика бўйича «Қўқон олимпиадаси» ўтказилади. Ғолибларга «Нексия» ва «Кобальт» берилади
- Фарғонада 19 яшар қизни зўрлаган уч эркак ҳақидаги хабарларга муносабат билдирилди
- Ибн Сино ҳақмиди? Олимлар Италиянинг Жильо ороли аҳолисида орасида бирорта ҳолатда коронавирус қайд этилмаганига изоҳ берди
- Тошкентда селфига тушиш учун поезд устига чиққан болани 27 минг вольт ток урди
- Ўзбекистонда Президент сайловига тайёргарлик кўриш жараёни 2021 йил 1 мартдан бошланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг