Энди судьялар фақат ОАВ орқали ахборот бериб боради

17:56 08 Январь 2024 Жамият
234 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясининг йиғилишида судлар мустақиллиги кафолатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.

Ушбу қонун лойиҳа билан конституциявий кафолатларни тўлақонли татбиқ этиш, судлар мустақиллиги кафолатларини янада мустаҳкамлаш мақсадида судлар раисларининг маҳаллий кенгашларга бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этиши ҳақидаги қоида бекор қилинмоқда. Ўз навбатида, судлар фаолиятида шаффофликни янада таъминлаш мақсадида судларнинг ҳар чоракда ўз фаолияти тўғрисида жамоатчиликни оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиш тартиби белгиланяпти.

Чунки судларнинг маҳаллий кенгашларга ахборот беришларига оид халқаро стандартлар ва хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилганда судларнинг давлат ҳокимияти бошқа тармоқларидан мустақил бўлишини таъминлашга асосий эътибор қаратилгани аниқланди.

Фракция раҳбари Алишер Қодиров қонун лойиҳасига муносабат билдирар экан, судьялар автоном эканини, уларни эркинлигини таъминлаш учун очиқ ҳисобот бериш мажбуриятидан холос қилиш лозимлигини таъкидлади.

Қуйи палата депутати Жаҳонгир Ширинов бу фикрларни қўллаб-қувватлар экан, суд тизимининг бошқа ҳокимият органларига ҳисобот бериши конституцион нормаларга зид эканини қайд этди.

Қонун ташаббускорларининг қайд этишича, таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар суд ҳокимиятининг мустақиллигини тўлақонли таъминлаш кафолатини янада мустаҳкамлайди.

Депутатлар томонидан кўриб чиқилган навбатдаги ҳужжат —«Прекурсорларни ишлаб чиқариш жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги Қонунининг 19-моддасига ўзгартириш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси бўлди.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда калий сульфат, коллоксилин, аммофос, моноаммоний фосфат каби импорт ўрнини тўлиқ босувчи кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Сульфат кислотаси ушбу кимёвий маҳсулотларни ишлаб чиқаришнинг асосий хомашёси ҳисобланади.

Лекин сульфат кислотаси тегишли тадбиркорлик субъектлари томонидан етказиб берилишига қарамасдан, йилдан йилга унга қўшимча талаб ортиб боряпти. Шу муносабат билан кимё саноатида сульфат кислотаси ишлаб чиқаришнинг замонавий янги қувватларини ташкил этиш эҳтиёжи пайдо бўлди.

Муҳокамалар давомида фракция аъзоси Зумрад Бекатова мазкур қонун лойиҳасининг моҳияти ҳақида тўхталар экан, унинг зарурати ва аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди. Лойиҳадаги айрим нормалар юзасидан ўз фикр-мулоҳаларини, таклифларини билдирди.

Депутатларнинг айтишича, мазкур қонун лоийҳасининг қабул қилиниши кимё саноатида сульфат кислотаси ишлаб чиқаришнинг замонавий янги қувватларини ташкил этиш орқали республикада сульфат кислотасига бўлган талабни қондиришга хизмат қилади.

Қизғин савол-жавоблардан сўнг, қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан маъқулланди.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?