Эмлаш жараёнлари суст олиб борилаётган соҳаларни танқид остига оламиз — Спикер

18:09 14 Июль 2021 Жамият
276 0

Қонунчилик палатасининг эртанги ялпи мажлисида Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси таклифига асосан, аҳолини коронавирус инфекциясига қарши эмлаш доирасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилиниши режалаштирилган. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов маълум қилди. 

"Албатта, бугун Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ўз нуқтаи назарларини билдириши керак.

Ялпи мажлисда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари Баҳодир Юсупалиевнинг ахбороти эшитилади.

Маълумки, Ўзбекистонда COVID-19 билан касалланишни камайтириш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Лекин, коронавирус инфекцияси охирги вақтларда бутун дунёда, шу, жумладан, мамлакатимизда ҳам кенг тарқала бошлагани хавотирга сабаб бўлмоқда.

Ҳақиқатан ҳам коронавирус аҳоли ўртасида жуда тез тарқалмоқда. Бунга, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинаётган кунлик касалланишлар ва вафот этаётганлар ҳақидаги хабарлар яққол мисолдир. Шу сабабли барча чоралар билан бир қаторда энг самарали тадбирлардан бири бўлган эмлаш ишларини мумкин қадар тезлаштириш ва жадаллаштириш лозим. Зеро, эмлаш касалланишнинг камайишига ва осон кечишига кафолат беришини тиббиёт соҳаси олимлари эътироф этмоқдалар.

Ялпи мажлис давомида албатта, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Агентлик раҳбарларига депутатларнинг жиддий эътирози ва кўплаб саволлари бўлади, эмлаш жараёнлари суст олиб борилаётган соҳаларни танқид остига оламиз.

Биз, Қонунчилик палатаси қарорида Ҳукуматга, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа идораларга, айниқса, коронавирусга қарши кураш бўйича Республика комиссиясига бир қатор тавсияларни берамиз. Жумладан, аҳолининг бир қатор қатламларига коронавирус инфекциясига қарши оммавий эмлаш ўтказиш лозимлигини тавсия қилмоқчимиз.

Эмлашнинг аҳамияти ҳақида аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини янада кучайтириш, шунингдек, иш берувчиларни ушбу соҳадаги масъулиятини жиддий равишда ошириш лозим" деб ёзади Спикер.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?