Элликқалъада 3 та тиббий муассаса очилди

23:10 08 Май 2021 Жамият
246 0

Бугун Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами арафасида Элликқалъа туманида иккита замонавий хусусий клиника ва реабилитация бўлими ўз фаолиятини бошлади.

Тиббиёт муассасалари очилиш маросимларида Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири М.Қурбанов, Элликқалъа тумани ҳокими С.Авезов, сектор раҳбарлари, тиббиёт ходимлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок қилди.

Тиббиёт муассасаларининг тантанали очилиш маросимларида сўз олганлар, юртимизда муҳтарам Президентимиз томонидан соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга, жумладан, хусусий секторни ривожлантиришга қаратаётган эътибор туфайли ана шундай муассасалар фаолияти йўлга қўйилаётгани эътироф қилинди. Шунингдек, хусусий секторга кўмаклашиш, шу турдаги муассасаларни кўпайтириш орқали аҳолига юқори сифатли тиббий хизматлар кўрсатиши учун зарур шароитлар яратиш, хориждан инвестициялар ва юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш бўйича кўплаб вазифалар белгиланганлиги таъкидланди.

Дастлаб, туман марказидаги «БEК МEД СEРВИС» хусусий клиникасининг очилиш маросими ўтказилди. Ушбу бино анча таъмирталаб аҳволга келиб қолган эди. Тадбиркор томонидан қайта реконструкция қилинган замонавий кўринишга келтирилиб, жиҳозланди. Клиникани жиҳозлаш мақсадида тижорат банкларидан 1 млн доллардан ортиқроқ кредит маблағлари йўналтирилди. Аҳамиятлиси, келтирилган технологиялар жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тан олинган бўлиб, жарроҳлик, гинекологик операцияларни замонавий усулларда самарали амалга ошириш, ташхис қўйишда учрайдиган қийинчиликларни бартараф этишга кўмаклашиши айтилмоқда.

Шундан сўнг «ДОКТОР В НАЖОТ» масъулияти чекланган жамиятига қарашли хусусий тиббиёт клиникасининг ҳам очилиш маросими бўлиб ўтди. Клиника қурилиши учун 1,5 млрд имтиёзли кредит ва тадбиркорнинг 1,2 млрд сўмлик ўз маблағи сарфланган. Янги клиникада 15 нафар шифокор ва тиббий ходимлар иш билан таъминланди.

Шу куни тумандаги «Қирққиз» овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 65 – сонли оилавий поликлиникасида реабилитация бўлими фойдаланишга топширилди.

Ғ.Отажонов,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?