“Электрон тижорат тўғрисида”ги қонун соҳадаги имкониятларни кенгайтиради

14:10 13 Сентябр 2022 Сиёсат
239 0

Фото: Сирожиддин Вохидов / “Халқ сўзи”

Олий Мажлис Сенатининг ўттиз иккинчи ялпи мажлисида сенаторлар “Электрон тижорат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Таъкидланганидек, мамлакатимизда сўнгги 5 йилда электрон тижорат соҳасида ялпи ишлаб чиқариш ҳажми 48 баробарга ошиб, 1,1 трлн. сўмни ташкил қилмоқда. Лекин, “Электрон тижорат тўғрисида”ги 2015 йилда қабул қилинган амалдаги Қонун ишлаб чиқилган даврда бу имкониятлар етарли даражада ривожланмаган эди.

Қолаверса, жаҳон бўйлаб коронавируснинг кенг тарқалиши дунё аҳолисининг электрон тижоратга бўлган талабини янада оширди. Натижада онлайн савдо қилиш тизими йил сайин ўсиб бормоқда. Биргина 2020 йилда электрон тижорат савдо ҳажми Хитойда 24,9 фоизга, Жанубий Кореяда 25,9 фоизга, АҚШда 14 фоизга ва Сингапурда 11,7 фоизга ошган. Ўзбекистонда эса электрон тижорат ҳажми 80 фоизга ўсган.

Мажлисда қайд этилишича, амалдаги қонунда соҳанинг ривожланиши учун етарлича шарт-шароитлар кўзда тутилмаган. Хусусан, барча электрон тижорат субъектлари қамраб олинмаган, электрон тижоратга оид ҳужжатларни алмашиш, тўлов механизмлари ва товарларни қайтариш масалаларини амалиётда қўллашда тушунмовчиликлар юзага келмоқда.

Янги таҳрирдаги “Электрон тижорат тўғрисида”ги Қонун “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсадлар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, унда электрон шартномаларни тузишнинг аниқ тартиби белгиланмоқда. Жумладан, электрон ҳужжатларнинг юридик кучи, офертага қўйиладиган талаблар, электрон ҳужжатларни сақлаш хусусиятлари, электрон битимни амалга ошириш тартиби ҳамда электрон шартномаларни тузиш шартлари ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Сенаторларнинг сўзларига кўра, қонун амалиётда кўплаб қулайликларни яратади. Хусусан, Қонун билан электрон тижоратда харидорнинг шартлари тўлиқ қондирилмагунча ахборот тизимида пул маблағларини ушлаб туриш имкониятини берувчи пулни депонентлаш тизими (эскроу) жорий қилинмоқда. Яна бир муҳим жиҳат, юридик шахслар билан бир қаторда ўзини ўзи банд қилган шахсларга электрон тижоратда иштирок этиш ҳуқуқи берилмоқда.

Сенаторлар “Электрон тижорат тўғрисида”ги Қонун яқин келажакда шаффоф ва очиқ ҳолда сотувчилар ва харидорлар ўртасида тўғридан-тўғри шартномавий муносабатларни ўрнатиш, халқаро стандартларга жавоб берадиган технологик бозор инфратузилмасини яратишга кўмак беришини таъкидлаб ўтдилар.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

“Халқ сўзи”,
Фото: Сирожиддин Вохидов / “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер