Электрдаги йўқотишлар, ходимлар маоши, яқинда бўлган авария сабаби — Ўзбекистонни 10 фоиз электр билан таъминлаётган ИЭСда бир кун

11:28 30 Ноябрь 2020 Жамият
603 0

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ОАВ ходимлари учун Фарғона ва Наманган вилоятларига пресс-тур ташкил этилди.

Икки кунлик тадбирнинг илк кунида журналистлар «Фарғона иссиқлик элeктр маркази» АЖ фаолияти билан яқиндан танишган бўлса, навбатдаги кун ОАВ ходимлари Наманган вилоятидаги Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясида бўлди.

— Станциямиз Фарғона водийсининг деярли 50 фоиз қисмининг электр энергиясига бўлган талабини қондириб беради, — дейди станция бош муҳандиси Нодир Насибалиев. — Станциянинг умумий йиллик ишлаб чиқариши 6,7 миллиард кВт бўлиб, у республикамизнинг деярли 10 фоиз истеъмолини қоплаб беради. Йилига 1,4 миллиард куб табиий газ сарфланади, ҳар бир кВт учун 225 грамм шартли ёқилғи сарфланяпти. Фойдали иш коиффицентимиз 58,5 фоизни ташкил қилади.

Станцияда 300 дан ортиқ ходимлар бўлиб, иш жараёни 24 соат ташкил этилган ва ишчилар 2 сменада ишлайди. ИЭСга энг замонавий трубиналар ўрнатилгани ҳисобига станциянинг экологияга салбий таъсири деярли йўқ. Шу сабаб лойиҳанинг иккинчи номи экологик тоза энергия деб номланади.

Станция фақат электр энергия ишлаб чиқаради ва ёқилғи сифатида фақатгина газдан фойдаланилади.

Журналистлар ИЭС фаолияти билан танишиб, қурилмаларни кўздан кечиргач Тўрақўрғон ИEС раҳбари Искандар Басидов билан суҳбатлашди ва долзарб саволларига жавоб олди.

— Станциямизда 90 фоизга яқин ишлар тўла рақамлаштирилган, саноқли ишларгина жисмоний меҳнат орқали бажарилади, — Искандар Басидов. — Ходимларимизнинг 200 дан ортиғи Наманган вилояти аҳолиси бўлса, уларнинг 100 яқини Тўрақўрғон туманидан. Ишчиларимизнинг асосий иши жараённи назорат қилиб туриш, станция фаолияти рақамлаштирилган. Шу боис бизда энг катта талаб, эҳтиёж программистларга.

— Мазкур станцияда ишлаб чиқарилган электр энергияси фақат водий аҳолиси манфаати учун дейиш мумкинми?

— Ҳа. Чунки биз ишлаб чиқарган электр энергия шу ҳудуднинг ўзида тарқалиб кетади. Бундан ташқари 1,5 минг мегават энергия марказдан ҳам келади.

— Станция қурилганига бир йил вақт бўлди, ундан аввал ҳолат қандай бўлган?

— Асосан электр энергия миқдорини марказдан келган, унда йўқотишлар кўп бўларди, ҳар бир линияда бир километрига тахминан 3-4 фоиз йўқотиш бўларди. Шу сабабли электрни ҳудудни ўзида тарқатсак, йўқотишлар ҳам камроқ бўлади.

— ГЭС қурилсада ҳудудда свет ўчишлар бор. Ҳудудий электр таъминот масъуллари бунга симларнинг ток кучланишига дош бермаслигини сабаб қилиб кўрсатмоқда. Шу гап ростми, электр етиб бормаслигига симларнинг эскиргани сабабми?

— Қиш кунлари электр энергия етишмовчилиги бўлади, истеъмол ҳам кескин ошади. Ёзга нисбатан қарийб 50 фоиз истеъмол ошган, шу сабаб узилишлар бўлиши мумкин. Бу вазифа бизнинг зиммамизга кирмайди, биз электр энергияни ишлаб чиқарамиз, тарқатиш вазифаси бизга юклатилмаган.

— Яқинда Тўрақўрғон ИЭСда авария содир бўлди, ҳолатга ҳар хил изоҳлар берилди. Мутахассис сифатида изоҳ берсангиз.

— Бу ерда авария бўлгани йўқ, узилиш бўлган. Узилиш қурилма блокини синовлардан ўтказиш жараёнида содир бўлди. 2 соатда носозлик бартараф этилди, бу техника.

— ИЭСнинг ўзи қанча электр энергияси истеъмол қилади?

— Соатига ҳисоблаганда ўрта ҳисобда станция ўзи ишлаб чиқарган электрни 5,5 фоиз қисми ўз истеъмоли учун ишлатилади. Миқдор ҳажми қанча кам бўлса ИEС унумдорлиги шунча юқори бўлади. Бинолар учун электр умумий таърифда сотиб олинади.

— Станция йил 12 ойда бир хил ҳажмда электр энергияси ишлаб чиқарадими ёки талабга қарабми?

— Бизда диспечерлик хизмати бор, уларга топшириқ берилади, шу графикка қараб ишлаб чиқарамиз. Ҳозир биз 100 фоиз қувват билан ишлаяпмиз. Ёзда 10-20 фоиз камайтирилади. Биз ўзимизча ҳаракат қилиб, қувват ҳажмини белгиламаймиз.

— Фарғона ИЭСда электр билан бирга буғ ёки иссиқ сув ҳам ишлаб чиқарилади. Бу ерда фақат электр, нега?

— Бу станция лойиҳалаштирилаётган вақтда ҳудудда иссиқлик энергиясига талаб йўқ эди, иссиқ сув тортадиган қувурлар ҳам йўқ. Буғга келсак, унга ҳам эҳтиёж йўқ. Лойиҳа фақат электр энергияси ишлаб чиқаришга мослашган. Иссиқлик энергияси ишлаб чиқаришда қозонлардан фойдаланиш самаралироқ, улар самарадорлиги 95 фоизгача бўладиган бўлса, бу ИEС самарадорлиги эса 57 фоиз.

— Сир бўлмаса станция ходимлари маоши қанча?

— Техник ходимларимиз бор, техникага алоқадор бўлмаган ходимларимиз бор, улар маоши бир-биридан фарқ қилади. Ишлаб чиқаришдаги ходимларимизни олсак, ўрта ҳисобда 2-3 миллион сўм маош олишади. Мутахассислиги, иш тажрибасига қараб маошлар ҳам ошиб бораверади, 10 миллион сўм ойлик оладиган ходимларимиз ҳам бор.

— Ишлаб чиқаришда фақат газдан фойдаланилар экан. Ваҳоланки Фарғонадаги ИЭСда кўмир, мазутлардан ҳам ёқилғи сифатида фойдаланишмоқда. Нега Тўрақўрғон ИЭСда фақат газдан фойдаланилади?

— Тўғри, Фарғонада газдан ташқари мазут, кўмирлан ҳам фойдаланилади. Бизнинг станциямизда ускуналар фақат газга мосланган, лекин унумдорлигимиз уларга қараганда қарийб икки баробар юқори.

Инобат АҲАТОВА

«Халқ сўзи» мухбири

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?