Электр энергияси ва табиий газни тежаш учун локал қозонхоналар қуриш керак

15:34 26 Ноябрь 2020 Жамият
1202 0

Кузнинг сўнгги кунлари тугамасдан юртимизга совуқ ҳаво оқимининг бирданига кириб келиши, қанчалик куз-қиш мавсумига тайёр бўлмайлик, тизимдаги оқсоқликларнинг юзага чиқишига сабаб бўлди.

Статистик маълумотларга асосан, бугунги кунда республикамизда 15500 та кўп квартирали уйларга иссиқлик таъминоти корхоналаридаги 79 та марказий ва 345 та кичик (локал) қозонхоналар томонидан иссиқлик энергияси етказиб берилади. Аммо ушбу қозонхоналар барча кўп қаватли уйларни қамраб олганми? Афсуски, йўқ.

Барчамизга маълум, ҳудудлардаги кўп қаватли уйларнинг аксариятида иситиш тизими марказлашган тизимдан узилиб, мустақил иситиш тизимига ўтказилган. Янги қурилаётган кўп қаватли уйлар ҳам шундай иситиш тизимига мослашган ҳолда лойиҳалаштирилмоқда.

Куз-қиш мавсумига кириб келиниши билан лимитдаги бор газ кўп қаватли уйларни иситишга бериляпти, чунки уларда бошқача йўл билан иситишнинг имкони йўқ. Кўп қаватли уйларнинг ҳаммасида ҳам иситиш тизими йўқлиги сабаб, газ плиталарни баланд қилиб ёқиб қўйиш йўли билан хонадонларни иситишади. Бу эса газнинг кўп сарф бўлишига сабаб бўлмоқда. Шу билан бирга, ис газидан заҳарланиш хавфи ошмоқда.

Муаммони қандай ечиш мумкин?

Менимча, қанчалик маблағ талаб қилмасин, кўп қаватли уйларни локал қозонхоналарни қуриш орқали иситиш тизимига ўтказиш зарур. Янги қурилаётган уйларни лойиҳалаштиришда ҳам мана шундай тизимга мослаштириб режалаштириш мақсадга мувофиқ бўлади. Сўнгги йилларда энергия тежовчи, газни кам сарфловчи, бир вақтнинг ўзида электр энергияси, газ ва кўмирда ишловчи иссиқлик қозонлари ишлаб чиқарилмоқда.

Маълумки, уй-жой ширкатлари уюшмаси қошидаги ҳар бир ширкатга 10 га яқин кўп қаватли уйлар бириктирилган. Ширкатлар ўзига тегишли бўлган кўп қаватли уйларга битта маҳаллий иситиш қозонхонасини ўрнатиши орқали қанчадан-қанча электр энергияси ҳамда табиий газни иқтисод қилинади.

Йиллар давомида куз-қиш мавсумида юзага келаётган муаммолардан беталафот чиқиш, аҳолини рози қилиш, инсонларга қулайлик яратиш учун барча имкониятларни ишга солиш талаб этилади.

Дилбар Мамаджанова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?