Элчи Гужарат штати ҳукумати аъзолари билан учрашувлар ўтказди

08:39 10 Апрель 2021 Сиёсат
465 0

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳудудлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар доирасида мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчиси Дилшод Ахатов Гужарат штатига ташриф буюриб, штат Бош вазири Вижай Рупани билан учрашди.

Учрашув давомида Вижай Рупани сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги муносабатлар, хусусан, ҳудудлараро ҳамкорлик алоқалари мутлақо янги босқичга кўтарилганлигини эътироф этди. Бу борада 2019 йил январь ойида бўлиб ўтган «Жўшқин Гужарат» халқаро инвестицион саммитида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бош меҳмон сифатида иштирок этиши барча соҳаларда фаол ва самарали алоқалар учун кенг имкониятлар эшигини очганлиги алоҳида таъкидланди. Ўтган давр мобайнида турли даражадаги қатор делегацияларнинг алмашинуви натижасида ўнлаб қўшма лойиҳалар ва инвестицион келишувларга эришилди.

Гужарат штати раҳбари мазкур келишувларнинг аксарияти бўйича амалий ишлар бошлаб юборилган бўлсада, пандемия туфайли 2020 йил март ойидан бутун дунёда, шу жумладан Ҳиндистонда, қатъий чекловлар киритилиши оқибатида айрим лойиҳаларда кечикишлар кузатилаётганлигини таъкидлади. Ўз навбатида эришилган келишувларни амалга оширишда ҳинд томони қатъий эканлиги ва бу борада маҳаллий ҳукуматнинг тегишли вазирлик идоралари ҳар томонлама кўмаклашишга тайёр эканлиги билдирилди.

Гужарат ҳукумати раҳбари ҳамкорликнинг янги, истиқболли йўналишлари сифатида муқобил энергия манбалари, «ақлли шаҳар» концепцияси, электромобиллар ишлаб чиқариш каби соҳаларни кўрсатиб ўтди.

Гужарат штатига ташриф давомида мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчиси Дилшод Ахатов мазкур штат туризм вазири Жавахар Чавда билан ҳам учрашди.

Суҳбат давомида Ўзбекистон ҳудудларининг ва Гужарат штатининг улкан туризм салоҳияти алоҳида қайд этилди ва томонлар сайёҳлик компаниялари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик ўрнатишга келишилди. Бу борада штат туризм вазири эпидемиологик вазият барқарорлашгач, томонлар етакчи туркомпаниялари ва ОАВ учун ўзаро инфо-турлар ташкил қилиш таклифини билдирди.

Ўз навбатида ҳинд томонидан Самарқанд халқаро туризм университети, Андижон туризм ва сервис коллежи билан Гужарат штатидаги туризм соҳасига йўналтирилган етакчи олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятлари ўрганилди.

Шу билан биргаликда ўзаро маданий алоқаларни жадаллаштириш мақсадида йил давомида Ўзбекистонда ва Ҳиндистоннинг Гужарат штатида ташкил этиладиган йирик маданий тадбирлар календари ва уларда томонлар вакиллари иштироки муҳокама қилинди.

Ўз навбатида Гужарат штатида мамлактимиз инвестицион ва экспорт салоҳияти ҳам тақдим этилди.

Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Дилшод Ахатов Гужарат штати Савдо-саноати палатасига ташриф буюриб, палата президенти Натубхай Пател ва палата аъзолари билан музокаралар ўтказди.

Гужарат Савдо-саноати палатаси Ҳиндистондаги йирик палаталардан бири бўлиб, 70 йилдан буён фаолият олиб бормоқда. Бугунги кунда унинг аъзолари сони деярли 200 минг нафарни ташкил этади.

«Давра суҳбати» шаклида ташкил этилган учрашувда гужаратлик тадбиркорларга Ўзбекистоннинг инвестицион, экспорт салоҳияти ва туризм соҳаси имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Фармацевтика, терини қайта ишлаш, тўқимачилик, соғлиқни сақлаш ва бошқа қатор йўналишлар бўйича аниқ лойиҳавий таклифлар палата аъзоларига эътиборига тақдим этилди.

Ҳиндистоннинг Гужарат штати ва Ўзбекистон ҳудудларидаги ишбилармон доиралари вакиллари ўртасидаги алоқаларни янада фаоллаштириш мақсадида мазкур Палата раҳбари Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан тегишли ҳамкорлик Меморандумини имзолашни таклиф қилди.

Мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчиси Дилшод Ахатов Гужарат штатига ташриф буюриб, Гандинагар шаҳрида жойлашган Миллий суд экспертизаси университети ректори вазифасини бажарувчи Д.Вяс билан ҳам учрашди.

Таъкидлаш лозим, мазкур университет 2008 йил Гужарат суд экспертизаси университети номи билан ташкил этилган бўлиб, 2020 йил март ойида унга миллий университет (Nationаl Forensic Science University) мақоми берилган. Ушбу олий таълим маскани Ҳиндистон Ички ишлар вазирлиги таркибига киради ва мамлакатнинг ушбу соҳага ихтисосланган ягона таълим муассасаси ҳисобланади.

Университетнинг ўқув дастури криминалистика, суд экспертизаси, киберхавфсизлик, контртерроризм, рақамли суд экспертизаси, биокриминалистика ва бошқа курсларни ўз ичига олади. Университет АҚШ, Канада, Буюк Британия, Туркия, Исроил, Австралия, Малайзия, Бангладеш каби дунёнинг 60 дан ортиқ мамлакатлари билан ҳамкорлик қилмоқда.

Учрашувда Ҳиндистон Миллий суд экспертизаси университети билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар ва Инновацион ривожланиш вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳ.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.

Шу билан бирга, университетда республикамизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ходимларини ўқитиш ва малакасини ошириш бўйича амалий курслар ташкил этиш шароитлари ўрганилди.

Муассаса раҳбари Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари билан Миллий суд экспертизаси университетининг фаолияти доирасидаги барча соҳаларда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, у истиқболда республикамиздаги ҳамда Марказий Осиё минтақасидаги эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистонда мазкур университетнинг филиалини очиш масаласини ҳам ўрганиб чиқиш мумкинлиги ҳақида хабар берди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?