«Эл-юрт фаровонлиги учун овоз бердим»

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Бухоро шаҳридаги Маҳмуд Торобий маҳалласида истиқомат қилувчи 73 ёшли Негмат Мўминовни 26-сайлов участкаси олдида хушкайфиятда учратдик.
— Маҳалламиздаги ўзгаришлардан жуда хурсандмиз, — дейди отахон. — Йўллар асфальтлаштиришди. Канализация масаласи ҳал бўлди. Йўл ёқасидаги электр устунлари янгиланди. Бу каби ўзгаришларда маҳалламиз, шаҳримиз масъуллари билан бир қаторда депутатларнинг ҳам ҳиссаси бор. Уларга қилган мурожаатларимиз ҳеч қачон ерда қолган эмас. Шу боисдан ҳам бугунги сайловга бажонидил келиб, ўзимга маъқул номзодлар ва партия учун овоз бердим.
— Хўжа Исмат Бухорий кўчасида яшайман, — дея суҳбатга қўшилди яна бир сайловчи, 87 ёшли отахон Раҳмат Абдуллаев. — Саккиз нафар фарзанд, қирқдан зиёд невара-ю эварам бор. «Эл-юрт фаровонлиги учун овоз беришимиз керак» деб ўғилларимни ҳам ортимдан эргаштириб келяпман.
Сайлов участкасини бир қур кўздан кечирдик. Депутатликка номзодлар рўйхати барча учун кўринарли ва қулай жойда турибди. Сайловчиларнинг улар ҳақида маълум бир тушунчага эга бўлиши учун шарт-шароит яратилган. Партияларнинг ишончли вакилларига ҳам сайлов жараёни қандай ўтаётганини кузатиш учун қулайликлар мавжуд. Сайлов шаффоф, демократик тамойиллар асосида ўтмоқда.
Участка сайлов комиссиясидан бизга билдиришларича, ҳудуд бўйича жами 2219 нафар сайловчи бор. 18 нафар йигит-қиз илк бор овоз бермоқда. Севара Қобилова ана шуларнинг бири.
— Бухоро тиббиёт техникумида таҳсил оляпман, — дейди у. — 27 октябрь бир умр ёдимда қолади. Чунки илк бор сайловда овоз бердим. Бўлғуси депутатларимиз биз, ёшларнинг ўқишимиз, ҳаётда ўз ўрнимизни топиб кетишимизда асқатадиган ташаббуслар билан майдонга чиқишади, деган умиддаман.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Жасорат мактаблари»га ўқувчиларни қабул қилиш тартиби белгиланди
- Бошқарув соҳасида хотин-қизлар улуши неча фоиз экани маълум қилинди
- Нодавлат олий таълим муассасалари устав фондини камида 2 миллион АҚШ доллари эквивалентида шакллантирилиши шарт – Вазирлар Маҳкамаси қарори
- Етакчилар «Иморат» тарихий-меъморий мажмуасига борди
- «Ливерпуль» юлдузи Диого Жота автоҳалокатда вафот этди. У яқиндагина оила қурганди
- «Anorbank» раҳбари Парижда ўғирлаб кетилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг