Экологик инқирознинг олдини олиш учун нима қилиш керак?

09:20 25 Февраль 2025 Жамият
195 0

Экологик стандартларга амал қилувчи Япония ўз тарихида тезкор саноатлашуви йилларида ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ хасталиклар авж олишининг тўртта тўлқинини бошдан кечирган. Ҳозирда глобал исиш ва иқлим ўзгариши халқаро даражадаги долзарб муаммолардан бири ҳисобланади.

Афсуски, бу муаммо Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Мамлакатимиздаги экологик ҳолатнинг нақадар жиддий эканини Тошкент шаҳри ҳавосининг ифлосланиб бораётгани, халқаро рейтинг ва индикаторлардан ҳам кўриш мумкин. 2022 йилги Жаҳон ҳаво сифати ҳисоботига кўра, Ўзбекистон ҳавоси энг ифлосланган 20 та давлатдан бири ҳисобланиб, ҳаводаги қум-чанг заррачалари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти меъёрларидан ўртача 6,7 баравар юқори ҳисобланади. Афсуски, ҳаво сифати кўрсаткичларини онлайн узатувчи станциялар фақат Тошкент шаҳрида жойлашган ва бу бутун Ўзбекистон бўйлаб умумий экологик ҳолатни баҳолаш имконини чеклайди.

2023 йил 31 майда Президентимизнинг “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинганди. Фармонга асосан, 2023 йилнинг 1 декабрига қадар туман (шаҳарлар)да атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторингини амалга ошириш учун 347 та автоматлашган станция харид қилиш ва ўрнатиш белгиланганди, аммо мазкур фармоннинг ижро муддати 2024 йил 1 октябрга қадар узайтирилди. Таассуф билан таъкидлаш керакки, атроф-муҳит ифлосланиши ва унинг натижасида юзага келадиган табиий омиллар нафақат иқтисодий ва ижтимоий оқибатларга, балки фуқаролар соғлиғига ҳам салбий таъсир қилади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, экологик омиллардан ҳар йили 13 миллион киши ҳалок бўлмоқда ва шундан 6,5 миллион ўлим ҳаво ифлосланиши оқибатида юз беради. Бунда 90 фоиз ўлим кўрсаткичи ривожланаётган давлатлар ҳиссасига тўғри келади.

Экологик ифлосланиш ва аҳоли саломатлиги билан боғлиқ инқирозни Япония давлати мисолида таҳлил қилиб кўрайлик. Бу давлат Осиёда экологик ҳолати барқарор ва юқори экологик стандартларни жорий этиш бўйича етакчи ҳисобланади. Бундай натижага эришиш учун мамлакат атроф-муҳит ифлосланиши натижасида юзага келган жамоат соғлиғи билан боғлиқ тўртта жиддий инқирозни бошидан ўтказишига тўғри келган ва улардан учтаси 1950 — 1960 йиллардаги юқори иқтисодий ўсиш ва саноатлашиш даврига тўғри келади. Япониянинг Мие префектурасидаги Ёккаичи порти атрофида жойлашган, урушдан кейин хароба бўлиб ётган собиқ ҳарбий ёқилғи омбори ҳудудида 1955 йилда нефть-кимё мажмуаси қуриш лойиҳаси тасдиқланади. 1959 йилдан тўлиқ ишга тушган мажмуадан атмосферага чиқарилган ташланмалар туфайли ҳудуддаги ҳаво юқори даражада ифлослана бошлайди. Бунинг натижасида аҳоли орасида турли касалликлар кўпаяди, чиқинди сувлар етарли ишлов берилмай денгизга қуйилгани сабабли, сув манбалари ифлосланиб, балиқчилик саноати инқирозга юз тутади. 1963 йилда ушбу ҳудудда иккинчи нефть-кимё мажмуаси ишга туширилади. Бу пайтга келиб экологик ифлосланиш қўшни туман ва ҳудудларга ҳам ёйила бошлайди ҳамда инқироз тарихда “Ёккаичи астма” ёки “Ёккаичи ифлосланиши” номлари билан қолади. Ифлосланиш даражасини пасайтириш учун корхоналар томонидан 1965 йилда атмосферага чиқариладиган ташланмалар миноралари баландлиги оширилади. Бу чора бевосита ёндош ҳудудларга етказиладиган зарар кўламини камайтирган бўлса-да, умумий ҳолда ифлосланиш ҳудуди янада кенгайишига олиб келади. Бу экологик инқироздан аҳоли саломатлиги билан боғлиқ салбий таъсир бошланади.

Иқтисодий ўсишга устуворлик берилгани, давлат ва маҳаллий ҳокимият идоралари томонидан ишлаб чиқарувчи компанияларга нисбатан ён босилгани сабабли, ҳаво ифлосланиши ва унинг натижасида аҳоли саломатлиги ёмонлашуви бевосита боғлиқлиги рад этилади. Натижада ҳудуддаги нефть-кимё корхоналари ва ҳокимият идоралари томонидан ҳаво ифлосланишини камайтириш юзасидан етарли даражада амалий чоралар кўриш пайсалга солинади. Ифлосланган ҳаводан зарарланиш даражасини камайтириш учун шифокорлар тавсияси билан аҳоли, айниқса болалар учун 1960 йиллар ўрталарида мактабларда кунига 5-6 мартадан оғиз чайқаш, ниқоб тақиш тартиби жорий этилади ҳамда ҳавони тозаловчи мосламалар ўрнатилади. Ниҳоят 5 йил давом этган суд 1972 йилда даъвогарларнинг ғалабаси билан якунланади.

Лекин бу пайтда экологик вазият бутунлай издан чиққан, қурбонлар ҳам кузатилган эди. Суд ҳукумат ва ишлаб чиқарувчи компанияларга жиддий талабларни қўяди ва бу билан мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам экологик талаблар инобатга олина бошлайди. 1966-1969 йилларда 28 гектар майдонда шаҳарнинг Марказий яшил боғи барпо этилади. 1967 йил Мие префектурасининг атроф-муҳит ифлосланиши аҳволини доимий ўрганиш ва тадқиқ қилиш учун марказ ташкил этилган бўлса, 1971 йилга келиб Япония экология вазирлиги ташкил этилади.

1990 йилда шаҳар ҳокимлиги томонидан атроф-муҳит ифлосланишини олдини олишга қаратилган технологияларни бошқа ривожланаётган давлатлар ҳам фойдаланиши учун “Экологик технологиялар трансфери” маркази ташкил этилади. 2015 йилда Ёккаичи ифлосланиши ва келажак авлодлардаги хабардорликни ошириш бўйича экология музейи ташкил этилади. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида атроф-муҳит ифлосланиши ва аҳоли саломатлиги билан боғлиқ юзага келган инқирозли ҳолат тўлиқ бартараф этилади. Бугунги кунда Японияда, хусусан, Ёккаичи шаҳрида экологик ҳолат анча барқарор ва атроф-муҳит тозалиги бўйича юқори натижалар қайд этиб келинмоқда. Жумладан, Экологик самарадорлик индексига кўра, Япония умумий 57,2 балл билан 25-ўринни банд этган бўлса, ҳаво тозалиги бўйича 78,9 балл билан дунё мамлакатлари Ичида 13-ўринни эгаллайди. Маълумотларга кўра, япон компанияларининг 76 фоизи иқлим ўзгариши жиддий масала эканини қайд этиб, иссиқхона газларини камайтириш учун 85 фоиз ҳолатда энергияни тежаш, 68 фоиз ҳолатда экологик тоза товар ва хизматлардан фойдаланиш, 55 фоиз ҳолатда қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтиш ва 51 фоиз ҳолатда ишлаб чиқариш жараёнини мақбуллаштириш орқали эришиб келмоқда.

Конституциянинг 49-моддасида ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эгалиги мустаҳкамланган. Бироқ, кейинги вақтларда Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланиши даражаси юқорилигича қолаётган бўлиб, бу нафас йўлларининг сурункали хасталикларига олиб келиши мумкин.

Ўзбекистонда ҳаво ифлосланиши экологик ва аҳоли саломатлиги билан боғлиқ инқирозлар олдини олиш учун, биринчидан, барқарор ривожланиш тамойилларига мувофиқ барча даражадаги қарорларни қабул қилишда иқтисодий ва экологик манфаатлар ҳамда инсоннинг муносиб яшашга бўлган ҳуқуқлари ўртасида мувозанатни таъминлаш лозим. Бунда экологик тамойилларни рад этиш ёки уларга зид равишда иқтисодий манфаатларга устуворлик беришдан воз кечиш керак.

Иккинчидан, фуқароларни атроф-муҳит ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборот билан таъминлаш мақсадида экологияга оид ахборотларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш ва кенгайтириш зарур. Жумладан, ҳар бир корхона ва ташкилот кесимида атроф табиий муҳит ҳолатига зарарли таъсир қиладиган ёки номақбул тарзда таъсир этиши мумкин бўлган объектлар, атроф табиий муҳитга тушадиган зарарли моддаларнинг турлари ва миқдори, чиқиндиларнинг ҳажмлари ва таркиби, ўзгариш динамикасига оид маълумотлар очиқлигини таъминлаш лозим. Айни пайтда республика бўйлаб атмосфера ҳавоси ифлосланиши фон мониторингини амалга оширувчи станцияларни тезроқ ишга тушириш ва реал вақт режимида онлайн узатишни йўлга қўйиш, шунингдек, ҳаво ифлосланиши фон мониторингидан келиб чиқиб, аҳоли учун ўз асраш учун қандай эҳтиёт чораларини кўриш кераклиги бўйича тавсияларни ишлаб чиқиш зарур.

Учинчидан, ривожланган давлатларда корпоратив ҳамжамиятнинг масъулиятини ошириш учун корпоратив ижтимоий масъулият (КИМ) тамойилларидан кенг фойдаланилади. Шу муносабат билан миллий қонунчиликда, хусусан, тадбиркорлик ва экологияга оид қонунчиликда КИМ тамойилларини мустаҳкамлаш орқали корпоратив секторнинг экологик масъулиятини ошириш зарурати бор. КИМ тамойилларининг амалга татбиқ этилишини назорат қилиш фуқаролик жамияти институтлари, ОАВ, фаол истеъмолчилар қатлами ёрдамида жамоатчилик назорати механизмлари орқали амалга ошириш керак.

Тўртинчидан, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 сентябрдаги қарорида келтирилган экологияни ёмонлаштириш даражаси юқори ва ўрта бўлган корхоналар томонидан атроф-муҳитга зарар кўламини камайтириш ва олдини олиш учун илғор экологик тозалаш технология ва фильтрларини мажбурий қўллаш тартибини жорий этиш шарт. Худди цемент ишлаб чиқариш ташкилотлари учун белгилангани каби мазкур корхона ва ташкилотларга туташ ҳудудларда стационар кузатиш пунктлари (постлар)ни ўрнатиш ҳамда фон мониторингини реал вақт режимида онлайн узатишни йўлга қўйишни таклиф қиламиз. Мазкур чора-тадбирлар маълум бир молиявий харажатларни амалга оширишни талаб этса-да, бундай харажатлар экологик масъулиятсизлик оқибатида юзага келиши мумкин бўлган жиддий экологик талофатлар ва аҳоли соғлиғи билан боғлиқ инқирозли ҳолатлар натижасида етказилган зарарга қараганда бир неча баробар арзон ҳисобланади.

Эргаш ҚОБИЛОВ,

Самарқанд давлат университети

Экология ва ҳаёт фаолияти хавфсизлиги кафедраси мудири, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер