ЕХҲТ\ДИИҲБ сайлов комиссиялари аъзоларининг малакаси ошганини қайд этди

18:46 25 Октябр 2021 Сиёсат
692 0

ЕХҲТ\ДИИҲБ Миссиясининг Президент сайловини кузатиш натижалари бўйича тақдим этган дастлабки ҳисоботида ана шу хулоса билдирилди. Бюро вакилларининг фикрича, сайлов комиссиялари аъзоларининг малакаси ошган.

ЕХҲТ\ДИИҲБ Миссиясининг қайд этишича, жорий йилнинг май ойидан августига қадар, сайлов комиссиялари аъзолари учун онлайн ва офлайн форматда қатор тренинглар ўтказилган. Айни дамда, тренинглар формати, давомийлиги ва жадвали сезиларли даражада фарқ қилган, бу сайлов комиссиялари аъзоларининг профессионал кўникмаларини оширишга хизмат қилган.

Президент сайлови давлат ва халқ ҳаётидаги муҳим сиёсий воқеа эканини ҳисобга олиб, барча даражадаги сайлов комиссиялари зиммасига катта масъулият юкланди.

Шу муносабат билан МСК сайлов комиссиялари аъзоларининг  билимини сайлов қонунчилиги ва халқаро стандартларга мувофиқ,  тизимли асосда шакллантиришни ўз олдига муҳим вазифа қилиб белгилади.

МСК томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш дастури тасдиқланди. Унга кўра, барча округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолари учун семинар-тренинглар, ўқув машғулотлари, анжуманлари ва давра суҳбатлари  ўтказилди.

Белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишни ташкиллаштириш Концепцияси тасдиқланди. Унга мувофиқ, сайлов комиссиялари аъзоларининг сайлов қонунчилиги ва сайловларда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш бўйича услубий билимлари ва амалий кўникмаларини оширишга қаратилган уч босқичли семинар-тренинглар ташкил этилди.

Шунингдек, сайлов комиссиялари аъзолари учун ЕХҲТ, БМТ Тараққиёт дастури, Демократия ва ҳуқуқ институти экспертлари иштирокида тренинглар ҳам ўтказилди.

Тренингларда округ сайлов комиссиялари раислари, уларнинг ўринбосарлари, котиблар ва аъзолари иштирок этишди.

Семинарлар Давлат бошқаруви академияси, Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари таркибидан ташкил топган  эксперт гуруҳи томонидан  ишлаб чиқилган ўқув дастури ва ўқув-услубий материаллар асосида ўтказилди.

Бўлиб ўтган сайлов кампаниясининг ўзига хос жиҳати шундаки, округ сайлов комиссиялари таркибида кекса авлод вакилларининг иштироки бўлди. Уларнинг сони олдингидан анча кўп бўлди: 31 ёшгача бўлган ёшлар сони 9% ни ташкил этган бўлса, 41 ёшгача бўлган сайловчилар сони 28% ни ташкил этди.

Эслатиб ўтамиз, МСКнинг таклифига биноан, ЕХҲТ ДИИҲБ, ЕХҲТ Парламент  ассамблеяси ва Европа парламентининг қўшма  Миссияси илк маротаба юртимиздаги президент сайловини кузатмоқда.

Ирландиялик  дипломат Оуэн Мёрфи бошчилигидаги ЕХҲТ ДИИҲБ кузатувчилари жорий йилнинг 15 сентябридан буён сайловларни кузатишмоқда. Миссия 17 нафар кишидан иборат  асосий гуруҳ, 28 нафар узоқ муддатли кузатувчилар ҳамда ЕХҲТ га аъзо 26 мамлакатдан ташриф буюрган 207 нафар қисқа муддатли кузатувчи сайлов куни овоз бериш жараёнини кузатишди. Шу билан бирга, президент сайловини кузатиш учун  ЕХҲТ\ДИИҲБ раҳбарияти, хусусан, ЕХҲТ\ДИИҲБ директори Маттео Мекаччи ҳам иштирок этди.

Бундан ташқари, 27 мамлакатдан 98 нафарга яқин депутат-кузатувчилардан иборат ЕХҲТ Парламент ассамблеяси делегацияси ва ЕХҲТ ПА Президенти Маргарета Седерфелт ва Бош котиби Роберто Монтелла ҳам илк маротаба Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш учун мамлакатимизга ташриф буюрди.

Шу билан бирга 12 нафар депутатдан иборат Европа парламенти кузатувчилари ҳам ЕХҲТ\ДИИҲБ миссиясига қўшилди. Ўзбекистонда бўлиб ўтган сайловларни кузатиш учун 44 мамлакатдан жами 365 та кузатувчи ташриф буюрган.

Экспертларнинг фикрича, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ЕХҲТ делегациясининг илк маротаба қатнашиши  Ташкилот томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг эътироф этилиши ва қўллаб-қувватлашидан далолатдир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?