ЕХҲТ янги бош котиби Ўзбекистонга ташриф буюради

19:12 10 Сентябр 2021 Сиёсат
298 0

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилик қилаётган парламентимиз делегацияси Вена шаҳрида Парламентлараро иттифоқ томонидан БМТ ва Австрия парламенти ҳамкорлигида ташкил этилган Жаҳон парламентлари аёл раҳбарларининг 13-саммити ҳамда Парламентлар раҳбарлари 5-бутунжаҳон конференциясида қатнашаётгани ва улар доирасида бир қатор учрашувлар ўтказилаётганидан хабарингиз бор.

Кеча делегациямиз Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) бош котиби Хелгa Шмид билан учрашди.

Музокаралар чоғида Ўзбекистон ҳамда ЕХҲТ ўртасида гендер тенглик масаласини илгари суриш ва ёшлар ролини ошириш борасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш истиқболлари, шунингдек, ташкилот бош котибининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи атрофлича муҳокама қилинди.

Хелга Шмид икки томонлама жадал ривожланаётган ҳамкорлик алоқаларимизга юқори баҳо берди. Жумладан, у Ўзбекистон раҳбариятининг халқаро ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида олиб бораётган очиқ ва пухта сиёсати туфайли сўнгги йилларда катта муваффақиятларга эришилаётганини таъкидлади.

Ўз навбатида, Х. Шмид ЕХҲТнинг Ўзбекистон билан гендер тенглик масалаларини илгари суриш ҳамда ёшларнинг ролини ошириш борасидаги ҳамкорлигини янада чуқурлаштириш масаласига тўхталиб ўтди. Хусусан, бош котиб Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг мамлакат ижтимоий ҳаётидаги ролини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни тўла қўллаб-қувватлашини билдирди. Айни чоғда у ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш масалаларидаги ҳамкорликни янада жадаллаштиришга чақирди.

Учрашувда томонлар БМТ Глобал аксилтеррорчилик стратегиясини Марказий Осиёда биргаликда амалга оширишнинг 10 йиллигига бағишланган халқаро конференцияда иштирок этиш учун ЕХҲТ бош котибининг шу йил ноябрь ойида Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришди.

Мазкур ташриф давомида Хелга Шмиднинг Ўзбекистон расмийлари билан қатор учрашувлар ўтказиши ҳам режалаштирган.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?