ЕХҲТ конференциясида Ўзбекистон билан иқлим ўзгариши соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди

13:25 19 Июль 2023 Сиёсат
363 0

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов 2023 йил 7 июль куни Вена шаҳрида (Австрия) бўлиб ўтган Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг (ЕХҲТ) иқлим ўзгариши бўйича юқори даражадаги конференциясида қатнашди.

Тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарлари ҳам иштирок этишди.

Экология вазири А.Абдуҳакимов ўз маърузасида иштирокчилар эътиборини иқлим ўзгаришининг сув ресурсларига таъсир этувчи хавфлари, Марказий Осиё дарёларида сув оқимини камайтириш прогнозлари ва сув танқислигига қаратди.

Мониторинг, ўз вақтида ахборот ва билим алмашиш, минтақавий стратегиялар ва мослашув чораларини биргаликда ишлаб чиқиш, шунингдек, ёшлар билан ишлаш, иқлим ўзгариши масалаларида ёш олимларни қўллаб-қувватлаш бўйича минтақавий тизим зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш бўйича Марказий Осиё университетининг ташкил этилиши ҳақида маълумот берилди. Иштирокчилар Марказий Осиё минтақасидаги биринчи “Яшил университет”га катта қизиқиш билдирдилар.

Ташриф доирасида бир қатор олий даражадаги учрашувлар ўтказилди. Хусусан, ЕХҲТ Бош котиби Х.Шмидт, АҚШ Президентининг иқлим масалалари бўйича махсус вакили Жон Керри, Марказий Осиё мамлакатлари, Австрия, Грузия, Чехия, Финляндия атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирликлари раҳбарлари билан Ўзбекистон ва Марказий Осиёда иқлим ўзгариши ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида икки томонлама ва кўп томонлама минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер