ЕХҲТ ДИИҲБнинг сайловни кузатиш миссиясининг асосий гуруҳ вакиллари билан учрашув

20:17 08 Июнь 2023 Сиёсат
572 0

Марказий сайлов комиссиясида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ)нинг муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш бўйича миссиясининг асосий гуруҳ вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Унда МСК Раиси З. Низомхўжаев миссия раҳбари, элчи Урсула Юзефа Гачек, унинг ўринбосари Аликсий Личковах ҳамда миссия экспертлари Анна Меликян ва Маша Янушевич билан мулоқот олиб борди.

Учрашув чоғида шу кунларда муддатидан илгари Президент сайлови кампанияси тобора қизғин паллага кириб бораётгани, бу масъулиятли жараён Марказий сайлов комиссияси томонидан Сайлов кодексида белгиланган тартибларга биноан изчиллик билан мувофиқлаштириб борилаётгани таъкидланди.

Хусусан, муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича Календарь режасига мувофиқ сайловни ўтказувчи 14 та округ ва 10 минг 783 та участка сайлов комиссиялари шакллантирилиб, Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот маркази ва тезкор ахборот маркази фаолияти йўлга қўйилди. Бугунги кунга қадар 229 нафар оммавий ахборот воситалари вакиллари аккредитациядан ўтказилди ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда бошқа қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларга ошкоралик бериш мақсадида тадбирларнинг тартиби, босқичлари ва муддатлари ҳақидаги ахборотлар, энг аввало, сайловчиларга ҳамда сиёсий партияларга Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали тезкорлик билан етказилаётгани хусусида айтилди.

Учрашувда ЕХҲТ ДИИҲБнинг Ўзбекистонда ўтказилган сайловларни кузатиш миссияларининг хулосалари бўйича ҳисоботларидаги тавсияларни миллий қонунчилигимизга ва амалиётга имплементация қилиш, сайловларга оид ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Ўз навбатида, миссия раҳбари, элчи Урсула Юзефа Гачек ДИИҲБ миссиясининг асосий гуруҳ вакиллари тажрибали экспертлардан, шу жумладан, сиёсий, ҳуқуқий, медиа ҳамда сайлов соҳасидаги таҳлилчилар, ДИИҲБ ходимлари ва маслаҳатчиларидан иборат бўлишини қайд этди. Айни чоғда, асосий гуруҳ экспертларидан ташқари миссия таркибига узоқ муддатли кузатувчилар ҳам қўшилиши ҳамда ЕХҲТ ДИИҲБ ўртасида самарали ҳамкорликнинг мустаҳкамланиб борилаётганидан мамнунлигини билдирди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?