Эҳтиёжманд оилалар даромадга йўналтирилмоқда

13:04 29 Ноябрь 2021 Жамият
333 0

Фото: "Халқ сўзи"

Андижон вилоятида аҳолининг кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар бандлигини таъминлаш, шу орқали камбағалликка барҳам бериш борасидаги хайрли ишларда лидер тадбиркорлар ҳам муносиб улуш қўшмоқда.

– Туманимиздаги доимий даромадга эга бўлмаган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида лойиҳа ишлаб чиқдик,– дейди Шаҳрихон туманидаги “Водий инвест зийнати” МЧЖ раҳбари Анварбек Ҳошимов. – Бунинг учун ҳар бир оилага 200 бошдан 500 бошгача бўлган 10 кунлик жўжаларни етказиб бердик. Уларни парваришлаш учун миникомлекс ва озуқаси ҳам корхонамиз томонидан таъминланди. Оила соҳиблари 28-30 кун мобайнида паррандани амалдаги тартиблар асосида парваришлаб берса, бўлгани! Уларни ўзимиз сотиб олиб, қайта ишлаш жараёнига йўналтирамиз. Бунинг учун ҳар бир оилага ўртача 2-3 миллион сўмдан пул тўлаймиз.

“Оқ олтин” МФЙдан танлаб олинган 107 хонадонда истиқомат қилувчи оила аъзолари бугун ана шу имкониятдан унумли фойдаланишяпти. Уйдан чиқмай, фарзандлар тарбияси ва рўзғор ишларидан ажралмаган ҳолда, йўл кира, шунингдек, тушлик учун пул сарфламай ҳар ойда 2 миллион сўмдан ортиқ даромад топиш узоқ йиллар давомида доимий даромад манбаига эга бўлмаган, ҳукуматимиз томонидан бериладиган моддий ёрдамга умидвор бўлиб қолган оилалар учун катта имконият эканлиги амалда ўз ифодасини топмоқда.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?