Эҳ, тиниб-тинчимас отахонлар — фарғоналик бир гуруҳ нуронийлар велосипедда Самарқандга бориб келишди

23:38 06 Апрель 2021 Жамият
578 0

Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида велоспорт жуда ҳам ривожланган бўлиб, бу борада туманда ўзига хос тажриба мактаби яратилган.

Айни кунларда Карим Ҳакимов туманда велоспорт анъаналарини изчил давом эттириш учун бир гуруҳ спорт фахрийлари билан биргаликда эзгу ташаббусларни илгари суриб келмоқда.

Шу йилнинг 30 март – 6 апрель кунлари веломарафон уюштирган Қўштепа туманида яшовчи 30 нафарга яқин нуроний ёшдаги отахонлар велосипедда мамлакатимиз бўйлаб саёҳатга чиқишди. Улар Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларидан ўтиб, тарихий Самарқанд шаҳрини зиёрат қилишди. 

Веломарафон иштирокчилари орасида 79 ёшли Мамат Каримов, 78 ёшли Мелиқўзи Назиралиевлар ҳам бор. Фахрий спортчилар қаторида Муҳаммадюсуф Охунов ва Зокирали Латипов сингари янги авлод вакиллари ҳам сафарга чиққани туманда ушбу спорт тури изчил давом этишидан далолат беради.

6 апрель куни веломарафон иштирокчилари Фарғона шаҳридаги «Само» спорт мажмуасида вилоят ҳокимлиги ва кенг жамоатчилик вакиллари томонидан тантанали кутиб олинди.

— Қарийб ярим асрдан буён велоспорт билан шуғулланаман, — дейди 73 ёшли Каримжон Ҳакимов. — Қўштепада мазкур спорт тури бўйича эришилган натижалар жуда ҳам қувонарлидир. Ишонамизки, келажакда юртимиз ёшларида орасида халқаро миқёсда улкан натижаларга эришадиган веломарафончилар етишиб чиқади.

Б. Мадиёров,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?