Эгаси бор мулкнинг эртаси бор

16:46 11 Ноябрь 2020 Иқтисодиёт
221 0

Навоий вилоятида 11 та корхонанинг давлат акция пакетлари (улушлари) тўлиқлигича оммавий савдолар орқали хусусий секторга сотилади.

Зеро, иқтисодиётда давлат иштирокининг қисқартирилиши, соғлом рақобат муҳити яратилиши, ишлаб чиқаришда креатив ғоялар, замонавий технологияларни амалиётга жорий этган ҳолда янги турдаги рақобатбардош маҳсулотлар, экспорт ҳажми ошишига хизмат қилади.

Мамлакатимиз Президентининг жорий йил 27 октябрдаги «Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони айни мақсадларни кўзлаш билан бирга давлат иштирокидаги корхоналарда истеъмолчига йўналтирилган замонавий бошқарув усуллари, очиқлик, шаффофлик ва бозор тамойилларини жадал жорий этиш, таннархни пасайтириш орқали даромадларни ошириш, ислоҳотлар жараёнида хусусий капитал иштироки учун кенгроқ имкониятлар яратиш, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва рақобат муҳитини янада яхшилаш орқали иқтисодиёт барқарорлигини таъминлайди.

Мазкур фармон орқали хусусий секторга сотиладиган давлат кўчмас мулк объектлари рўйхати тасдиқланиб, аввалги тартибдан фарқли ўлароқ, давлат активларини сотиб олувчилар қисман тўловни амалга оширганларида тўлиқ тўловлар амалга оширилгунга қадар улуш қийматининг тўланган қисмига мутаносиб равишда жамият бошқарувида иштирок этиш ва дивиденд олиш ҳуқуқи асосида «тасарруф этиш ҳуқуқисиз» эгалик сертификати берилиши белгиланди.

Бошқачароқ айтсак, давлат улушларини хусусийлаштириш борасидаги механизм соддалаштирилиб, кўчмас мулкларни сотиб олиш истагидаги тадбиркорларга қулай имконият ва имтиёзлар яратилмоқда. Бу эса бугун ишламаётган ва рақобатдан четда қолган давлат улуши мавжуд корхоналарни тезроқ сотиш, уларнинг ўрнида бозор талабларига мос ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш имконини беради.

— Таъкидлаш жоизки, ушбу меъёрий ҳужжат асосида трансформация қилинадиган йирик давлат корхоналари ва хўжалик бирлашмалари, корпоратив бошқарув ва молиявий аудит жорий этиладиган, операцион самарадорлиги ошириладиган давлат иштирокидаги корхоналар, хусусийлаштиришдан олдин тайёрлаш ва инвестициявий жозибадорлигини оширишнинг манзилли дастурлари орқали оммавий савдоларга чиқариладиган давлат активлари, давлат акция пакетлари (улушлари) тўлиғича оммавий савдолар орқали хусусий секторга сотиладиган корхоналар рўйхати тасдиқланди, — дейди Республика Давлат активларини бошқариш агентлиги Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Шерзод Жумаев. — Фармон билан тасдиқланган трансформация қилинадиган йирик давлат корхоналари ва хўжалик бирлашмалари рўйхатига «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ (давлат улуши 100 фоиз), «Навоийазот» АЖ (давлат улуши 100 фоиз), «Қизилқумгeология» ДУК (давлат улуши 100 фоиз), хусусийлаштиришдан олдин тайёрлаш ва инвестициявий жозибадорлигини ошириш орқали оммавий савдоларда тўлиқлигича давлат акция пакетлари (улушлари) сотиладиган корхоналар рўйхатига «Қизилқумсeмeнт» АЖ (давлат улуши 86,9 фоиз) киритилган. Давлат акция пакетлари (улушлари) тўлиқлигича оммавий савдолар орқали хусусий секторга сотиладиган корхоналар эса вилоятда 11 та — «Ортомедфармсервис» МЧЖ (давлат улуши 86,9 фоиз), «Жанубсаноатмонтаж» АЖ (давлат улуши 20,7 фоиз), «Полипропилен қувурлар» МЧЖ (давлат улуши 100 фоиз), «Bentonite» МЧЖ (давлат улуши 100 фоиз), «Uz-kor silicon» МЧЖ (давлат улуши 24,5 фоиз), «Электрокимёзавод қўшма корхонаси» АЖ (давлат улуши 4,7 фоиз), «Гранит гео инжиниринг» МЧЖ (давлат улуши 5,2 фоиз), «Uzkor lighting» МЧЖ (давлат улуши 100 фоиз), «Навоий вилояти шароб савдо» МЧЖ (давлат улуши 100 фоиз), «Зарафшон шароб савдо» МЧЖ (давлат улуши 100 фоиз)дир.

Таъкидлаш жоиз, аҳоли ва тадбиркорларга батафсил маълумот берадиган «Корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникалари» кўзда тутилган бўлиб, Навоий вилоятида бундай марказ ўз фаолиятини бошлади. Шунингдек, хусусийлаштириш ва жойларда тегишли қўлланмалар чоп этиш ва тарқатиш масалалари бўйича «Колл-марказ» фаолиятини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилган. Бу эса зарур методик қўлланмалар тайёрланиб, жойларга етказилишида муҳим ўрин тутмоқда.

Темур ЭШБОЕВ

(«Халқ сўзи»)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?