Дунёни меҳр асрайди

21:46 28 Декабрь 2021 Жамият
710 0

Фото: «Халқ сўзи»

Навоий давлат педагогика институти ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими ҳамкорлигида улуғ мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан “Алишер Навоий халқпарвар ва меҳр-саховат соҳиби” мавзуида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди. Анжуманда шоирнинг меҳр-мурувват бобидаги шахсий намунаси ва бу борада аллома ўгитлари билан бирга сахийлик ва ҳотамтойлик каби ҳалқимизга хос фазилатларнинг бугунги кун воқелигидаги аҳамияти таҳлил этилди.

— Сахийлик тўғрисида “Маҳбуб ул-қулуб” асарида шоирнинг қимматли ўгитлари келтирилган, — дейди доцент Рустам Қаршиев. — Хусусан, “...фахрланиш учун бермоқ ўзни кўрсатишлик ва бу билан ўзини сахий демак беҳаёликдур. Кишилар кўрмагунча бермаган пасткашдир, сахий эмас. Тилаганга берганни ҳам сахийликдан йироқ бил, қистов билан бермаганни яхшироқ бил. Битта нонни икки бўлиб, ярмини бир очга берганни сахий дегил, ўзи емай барини муҳтожга берганни сахий дўст дегил”, дея ёзаркан, меҳр-мурувват ниҳоятда нозик фазилат эканлигини таъкидлайди.

Республикамизнинг турли олий таълим муассасаларидан олтмишга яқин профессор-ўқитувчилар, навоийшунослар ва талаба-ёшлар иштирок этган конференцияда Алишер Навоий амалга оширган саховат ишларини ўрганишнинг долзарблиги ва унинг бугунги давримиз учун ижтимоий аҳамияти хусусида кенг тўхталиб ўтилди.

— Навоий бобомиз ўз вақтида ўзининг халқпарварлик, саховатпешалик фазилатини намоён этиб, халққа солинган бир қатор солиқларни ўз ҳисобидан тўлаган, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими бошқаруви раиси Фахриддин Солиев. — Бундай воқеалар сиёсий фаолияти давомида бир неча бор юз берганлиги ҳақида Хондамирнинг “Макорим ул-ахлоқ”, Мирхонднинг “Равзат ус-сафо”, Зайниддин Восифийнинг “Бадоеъ ул-вақое” асарларида қизиқарли маълумотлар бор. Чунончи, буюк тарихчимиз Хондамирнинг асарларида ҳазрат Алишерни ўзи яшаб ижод этган даврда 52 та работ,20 та ҳовуз, 16 та кўприк, 9 та ҳаммом ва кўплаб мадрасалар, катта-катта иншоотлар қурдириб, ҳомийлик қилганлиги қайд этилади.

Конференцияда Навоий давлат педагогика институти профессори, Абдуҳамид Холмуродов, Самарқанд давлат университети профессори Усмон Қобилов, Қўқон давлат педагогика институти профессори Зебо Қобилова, Жиззах давлат педагогика институти доценти Зуҳра Мамадалиева, Наманган давлат университети доценти Исроил Сулаймоновнинг мавзуга доир маърузаларида ана шундай эътирофга молик маълумотлар тақдим қилинди.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер