Дунёга гул тутар бугун Наманган

17:54 20 Май 2024 Жамият
157 0

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Ҳар баҳорнинг май ойига келиб наманганликлар анъанавий гуллар фестивалини ўзгача завқ-шавқ билан нишонлайди. Бу йил олтмиш учинчи бор нишонланаётган ушбу анжуман Наманган шаҳрининг истироҳат боғлари, кўча ва хиёбонларига ўтқазилган 45 миллион тупдан зиёд турфа гул кўчатларидан ороланган ҳолда гўзаллик шайдоларига яна бағрини очди.

19 май куни тонгданоқ фестивалнинг асосий манзили — Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғининг марказий дарвозаси олдидаги майдон анжуман очилишини иштиёқ билан кутаётган юз минглаб гўзаллик шайдолари билан лиқ тўлди. Фестивалга одатдагидек гуллардан нақшинкор тус олган 200 дан зиёд автомашиналар карвони билан старт берилди. Улар орасида ретро автоуловлардан тортиб мамлакатимизда ишлаб чиқарилган энг сўнгги русумдаги автомобиллар, қишлоқ хўжалиги соҳаси ва бошқа ихтисослаштирилган транспорт воситаларини кўриш мумкин.

Анжуманнинг тантанали очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов вилоят аҳли ва меҳмонларни қизғин қутлар экан, йилдан йилга тароват касб этаётган гул байрами Наманганнинг ўзига хос брендига айланганлигини эътироф этди. Шунинг баробарида, гуллар орқали инсонларнинг бир-бирига бўлган меҳр-муҳаббатини, оқибатини мустаҳкамлаш, ёшларнинг гўзалликка, яратувчанликка, касб-ҳунарга бўлган иштиёқи, таълим-тарбиясини ошириш асосий вазифа эканлигини таъкидлади.

Шундан сўнг байрам иштирокчилари фестивалнинг асосий манзили — Бобур номидаги боғда ҳаваскор гулчилар ва меҳнат жамоалари боғбонлари томонидан яратилган юздан зиёд тематик кўргазмалар билан яқиндан танишдилар. Уларнинг ҳар бири ўзига хос мавзу, ўзига хос мазмунга эга — шаҳар ёки туман, алоҳида бир муассасанинг фаолият йўналиши табиат неъматлари ёрдамида моҳирона шакллантирилган. Боғнинг киравериш қисмида дунёнинг «етти мўъжизаси» кўриниши, айниқса, эътиборни тортади. Ҳиндистонда бобурийлар томонидан қурдирилган Тожмаҳал мақбараси, Миср пирамидалари, Париждаги Эйфел минораси ва бошқа иншоотларнинг кичик нусхаларини томоша қилар экансиз, ўзингизни айни тарихий манзилларга бориб қолгандай ҳис этасиз.

Бобур номидаги истироҳат боғидан маҳаллий гулчилар қатори хорижий иштирокчиларга ҳам ўрин ажратилгани бу йилги фестивалнинг ўзига хос жиҳатларидан. Айтиш мумкинки, Қирғизистон, Корея, Озарбайжон, Хитой, Ҳиндистон вакиллари безатган майдончалардаги манзаралар дўст давлатлар халқларининг миллий анъаналари, она табиатга бўлган меҳр-муҳаббатидан далолат беради.

Гуллар фестивалига ташриф буюрувчилар қамрови йилдан йилга ортаётир. Дастлабки маълумотларга кўра, илк кунданоқ бу кўрсаткич 700 мингдан кўпроқни ташкил этган. Уларнинг 40 мингга яқини хорижий сайёҳлардир.

— Ушбу фестивални Қирғизистонда ҳам яхши билишади, — дейди Ўш шаҳридаги «Tvmedia» сайти мухбири Наргиза Анорбой қизи. — Бу ерга онам ва турмуш ўртоғим билан келдик. Шаҳарнинг гўзал манзаралари, жозибадор боғ ва хиёбонлар кўзни қувонтиради. Табиатан гулларни хуш кўрувчи онам бу ерда гулчилар тажрибаси билан яқиндан танишган бўлса, ўзим телевидение ва сайтимиз учун маълумот ва тасвирлар олдим.

Фестиваль меҳмонларининг кўпчилиги бу ерга нафақат байрам томошаларидан баҳраманд бўлиш, балки ноёб гуллардан харид қилиш мақсадида ҳам ташриф буюрган. Ушбу мақсадда ташкил қилинган бозорчада юздан кўпроқ гулчилар ўз расталарини ташкил этган.

— Ҳар йили ўтказиладиган бу фестивални биз ҳам орзиқиб кутамиз, — дейди Андижоннинг Шаҳрихон туманидан келган Ҳусниддин Холматов. — Чунки, хонадонимиздаги 2,5 сотих иссиқхонада парваришлаётган юздан ортиқ турдаги гул кўчатларининг катта қисмини байрам кунлари сотувга чиқарамиз. Улар орасида хориждан олиб келиниб, маҳаллийлаштирилган ноёб навлар ҳам анчагина. Масалан, кейинги пайтда Хитойнинг «Аукария», «Драссена» сингари гулларини иқлимимизга мослаштирдик. Ўзига хос ифори бор бу гул йил бўйи яшнаб туриши билан ажралиб туради. Гулчиликдан топаётган даромадимиз ҳам чакки эмас — йилига 200 миллион сўмдан кўпроқни ташкил қилади.

Халқаро гуллар фестивалининг бу галги мавсуми қирқ кун давом этади. Кеча «Ипак йўли бўйлаб туризм тармоқларини яратиш» мавзуидаги илк халқаро илмий анжуман бўлиб ўтди. Унда бугунги кунда Наманганда сайёҳлик объектлари сони 139 тага етиб, кейинги олти йилда уч баробар ўсгани алоҳида қайд этилди. Олдинда гуллар, ҳунармандлар, модалар кўргазмаси, турли танловлар, қадимий ўйинлардан тортиб, таниқли эстрада хонандаларининг чиқишларигача бўлган кўнгилочар дастурлар турибди.

Ишонамизки, гуллар фестивали анжуманга келган ҳар бир кишига шукуҳли лаҳзаларни тақдим этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?