Дунёдаги энг йирик шамол электр станцияларидан бири Навоий вилоятида қурилади

19:33 09 Июнь 2020 Иқтисодиёт
1348 0

Masdar ва Mubadala компаниялари билан ҳамкорликнинг тамал тоши мамлакатимиз Президентининг 2019 йил март ойида Бирлашган Араб Амирликларига ташрифи доирасида қўйилган, ўшанда электр станциялари қуриш бўйича шартномалар имзоланган эди.

Mubadala БААларининг 200 миллиард долларлик инвестицион портфелга эга давлат холдинги ҳисобланиб, Masdar унинг тизимида қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш соҳасида фаолият олиб боради.

Мазкур ҳамкорлик самараси ўлароқ ўтган йилнинг октябрь ойида давлат ва хусусий шериклик асосида Навоий вилоятида 100 МВт қувватга эга қуёш электр станциясини қуриш бўйича тендер савдоларида Masdar ғолиб деб топилиб, ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича шартномалар имзоланган эди.

Masdar Навоийда яна бир йирик лойиҳани амалга ошириб, унга кўра компания қуввати 500 МВт.га тенг бўлган дунёдаги энг йирик шамол электр станцияларидан бирини қуради.

8 июнь куни Республика Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда БАА компанияси ўртасида инвестиция битимини имзолаш маросими бўлиб ўтди. Унга кўра, Masdar компанияси шамол электростанциясини лойиҳалаш, молиялаштириш, қуриш ва эксплуатация қилишни таъминлайди.

Шамол электр станцияси қурилиши ва келгусида ундан фойдаланиш мамлакатимиз иқтисодиётига аввало 600 млн АҚШ долларидан ортиқ миқдорда тўғридан–тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, қурилиш жараёнида ва ундан кейинги ишлаб чиқаришда 1300 киши бандлигини таъминлаши билан аҳамиятлидир.

Энг муҳими шамол электр станцияси йилига 500 000 дан ортиқ уй хўжаликлари истеъмолига тенг бўлган 1,9 гВт/с мақбул ва арзон электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳисобига республикамизда энергия мувозанати диверсификациясини таъминлайди.

Ва, ниҳоят қайта тикланувчи энергия манбаларининг замонавий технологияларини жорий этиш, электр энергиясини ишлаб чиқаришда ишлатиладиган табиий газ ҳажмини йилига 175 млн куб. метргача, атмосферага карбонат ангидрид чиқариб ташлашни эса йилига 1,1 млн тоннагача камайтиради

Ҳамкорлар қурилиш ишларини жорий йилнинг ниҳоясига қадар бошлаб, 250 МВт.га тенг генерация қувватларининг биринчи навбатини 2022 йилнинг ўрталарида ва барча қувватларни эса 2023 йилда фойдаланишга топшириш режалаштиришган.

Темур ЭШБОЕВ,

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?