Дунё “рақамлашмоқда”

08:36 09 Июль 2020 Сиёсат
689 0

Электрон бизнес, рақамли иқтисодиёт. Бугун замонавий тил билан айтганда тренд бўлаётган мавзулар. Мазкур соҳалар ривожланишининг бир неча омиллари бор. Улардан бири бу – ҳозирги глобаллашаётган дунёда энг қадрли нарса – вақтнинг инсонларга етмаётганидир. Ҳар қандай инсон вақт, харажат ва масофани тежашга ҳаракат қилади. Бунинг ҳозирги кундаги самарали йўли бу электрон бизнеснинг яратган қулайлигидир. 2017— 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилганлиги ҳам бежиз эмас. Бу электрон соҳанинг шиддат билан илдамлаётгани билан бевосита боғлиқ.

Ҳар қандай ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишда асосий муаммо уни реализация қилишдир. Демакки, электрон бизнес бу муаммоларни ечишнинг ижобий йўли ҳисобланади. Шу билан бирга кенг харидорлар ва сотувчилар йиғиладиган 1,92 миллиардлик электрон харидори бор улкан бозор. Дунёда чакана савдонинг 14,1 фоиз электрон тижорат ҳиссасига тўғри келади. Бу кўрсаткич 2023 йилга бориб 22 фоиз бўлиши таҳмин қилинмоқда.

Электрон бизнесни юритиш ҳар қандай давлат учун қулай ва фойдали, чунки давлатлар ташқи иқтисодий фаолиятдан доим манфаатдор бўлган. Жаҳон бозорига чиқиш ёки керакли товар ва хизматни электрон савдо майдонидан харид қилиш ва топиш жуда осонлиги ушбу соҳага берилаётган эътиборни табиий равишда оширмоқда. Дарвоқе, электрон бизнесни ривожлантириш ривожланиш ва тараққиётнинг кушандаси бўлмиш яширин иқтисодиёт ва корупцияга қарши курашишнинг ҳам энг самарали усилидир.

Мамлакатда электрон тижорат соҳасини ривожлантириш борасида кўпгина амалий ишлар қилинганни эътироф этиш жоиз. Жумладан, ахборот ва рақамли технологиялар бўйича кадрлар тайёрлайдиган чет эл таълим даргоҳлари, IT паркларнинг очилиши, кенг поласали оптик толали тармоқларнинг тортилиши, электрон банк пластик карталарининг ривожланаётганлиги ушбу соҳада қилинган ишларга мисол бўла олади. Шу билан бирга, ушбу соҳа ривожига тўсиқ бўлаётган жиҳатлар ҳам йўқ эмас. Масалан интернет тармоғининг айрим ҳудудларимизга ҳали тўлиқ етиб бормгани, интернет хизмат тарифлари нархининг нисбатан юқорилиги ёки интернет сифатининг ўта ёмонлиги, салоҳиятли кадрларнинг етишмаслиги ва давлат тилидаги дастурий таъминотларнинг етишмаслиги соҳадаги ислоҳотларни жадаллаштиришни тақазо қилмоқда.

Умуман Ўзбекистонда соҳа тараққиётини таъминлашга қаратилган қадамлар ташланди, керакли чоралар кўрилмоқда. Мамлакатимиз Президентининг 2020 йил 28 апрелдаги «Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мазкур йўналишдаги ислоҳотларни ҳаракатга келтирувчи ҳужжат бўлди. Қарорда 2023 йилга келиб рақамли иқтисодиётнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улушини 2 бараварга кўпайтириш мақсад қилинган. Ҳужжат фақат мақсадни белгилаш билан кифояланмай уни амалга ошириш механизмларини ҳам белгилаб берди. Масалан, 2020-2021 йилларда ижтимоий соҳа объектлари, шунингдек, қишлоқлар ва маҳаллаларни юқори тезликдаги интернет тармоғига улаш ҳамда алоқа хизматлари сифатини ошириш, 2022 йилга қадар электрон давлат хизматлари улушини 60 фоизгача ошириш, дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва технологик майдончалар яратиш орқали "рақамли тадбиркорлик"ни ривожлантириш, 2023 йилга келиб ушбу соҳадаги хизматлар ҳажмини 3 бараварга ошириш ва уларнинг экспортини 100 миллион долларга етказиш шулар жумласидандир.

Электрон бизнесни ривожлантиришнинг долзарблиги ҳамда нечоғлиқ муҳимлигини биргина коронавирус пандемияси кўрсатиб кўйди. Шу ўринда бир таҳлил. Ҳозирда дунёда электрон тижорат билан шуғилланувчи 12 дан 24 миллионгача бўлган сайтлар яратилган. Электрон тижоратнинг 67.2 фоизи мобил иловалар орқали амалга оширилган.

Онлайн савдоларнинг 70 фоизи машҳур брендлар савдосига тўғри келиши уларнинг ушбу соҳада ва ижтимоий тармоқда фаол ишлаётганидан дарак беради. Электрон бизнес бозоридан муносиб жой эгаллаш, мазкур йўналишда муваффақият қозонган компанияларга рақобат қилиш учун кўп тармоқли савдо йўлидан эмас балки, махсус ихтисослашган йўлни ривожлантириш керакдек. Боиси, 2040 йилга бориб жаҳон савдо ҳажмининг 95 фоизи электрон шаклда амалга оширилиши прогноз қилинмоқда. Бу бизда бозордан муносиб жой эгаллаш учун имконият бор дегани.

Ресурслар чегараланган. Буни инкор этиб бўлмайди. Табиий заҳиралар тугаса нимани сотамиз ёки экспорт қиламиз деган савол кўпчиликни ўйлантириши мумкин. Жавоб оддий “0” ва “1” рақамларини, яъни дастурий таъминот сотамиз. Ақл уни ишлатиш билан тугамайди, аксинча бойиб ва ривожланиб бораверади. Аҳир дунё рақамлашмоқда. Албатта, бу жараёнда замонавий тенденцияларни инобатга олган мутсаҳкам ҳуқуқий асос лозим бўлади. Соҳадаги ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминламай туриб, муваффақият ҳақида гапиришнинг ўзи нотўғри. Шу боис, биз депутатлардан қонун ижодкорлиги жараёнида ушбу жиҳатларни ҳисобга олиш, соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи, керак бўлса унинг тараққиётини таъминловчи тўғридан-тўғри қонунларни ишлаб чиқишимиз зарур бўлади.

Бекмирза ЭШМИРЗАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?