Дунё дерматовенерологлари ва косметологлари Тошкентда қандай масалаларни муҳокама қилмоқда?

14:59 07 Октябр 2022 Жамият
268 0

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Бугун пойтахтимизда дерматовенеролог ва косметологларнинг навбатдаги съезди иш бошлади. Унда АҚШ, Россия, Буюк Британия, Германия, Испания, Туркия, Корея Республикаси, Саудия Арабистони, Эрон, Беларус ва Марказий Осиё давлатларидан ҳам мутахассислар иштирок этмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари У. Сабиров Республика ихтисослаштирилган дерматология, венерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан ташкил этилган анжуманни кириш сўзи билан очиб, ҳозирги кунда юртимизда 1000 нафардан ортиқ дерматовенеролог ва косметологлар аҳолига амбулатор ва стационар хизмат кўрсатиб келаётганини қайд этди.

Бундан ташқари, тиббий олий ўқув юртларидаги тери-таносил касалликлари кафедраларида салоҳиятли кадрлар етишиб чиқмоқда. Ёш олимлар устозлари ва марказ шифокорлари билан биргаликда кенг тарқалган ва янги аниқланган касалликларнинг замонавий даволаш усулларини ишлаб чиқаётгани ҳам қувонарли ҳол.

Ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларида тери ва унинг ҳосилалари касалликлари, туғма ёки орттирилган косметик етишмовчиликларни муолажа қилишда илғор ёндашувлар татбиқ этилмоқда.

Анжуманда Ўзбекистон дерматовенерология хизмати олдида турган долзарб ва мураккаб масалалар, хусусан:

— тери ва таносил касалликларини текшириш ҳамда даволашни стандартлаштириш,

— дерматовенерология хизматидаги барча бўлимларда диагностика ва даволаш базасини мустаҳкамлаш,

— диспансер кўрикларни такомиллаштириш ва соҳани компьютерлаштириш каби масалалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, марказ олимлари томонидан генодерматоз ва онкодерматоз муаммолари, терининг замбуруғли ва вирусли касалликлари, жинсий йўл билан юқувчи янги хасталик турларини аниқлаш, дерматокосметология ва соч кўчириб экиш бўйича эришилган муҳим натижалар ҳақида маълумот берилди.

Анжуман эртага ҳам ўз ишини давом эттиради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер