Дунё бўйича коронавирус инфекциясини янги юқтириш ҳолатлари 71 фоизга ўсди — ЖССТ 

22:02 06 Январь 2022 Дунё
1670 0

Фото: AP

Охирги ҳафтада дунё бўйлаб «COVID-19» инфекциясини янги юқтириш ҳолатлари 71 фоизга ўсган. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) техник гуруҳи раҳбари Мария Ван Керкхове  маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, бу кўрсаткич минтақаларга қараб фарқланади. «Масалан, Америкада бу кўрсаткич 100 фоизга ошган. Африка минтақасида эса 7 фоизга ўсган», деди ван Керкхове. 

Мутахассиснинг таъкидлашича, бу фарқ дунёнинг турли бурчакларида тест ўтказиш тезлиги ва қамровидаги фарқларга боғлиқ бўлиши ҳам мумкин. Ўтган ҳафтада ЖССТ 9,5 миллион янги коронавирус инфекцияси ҳақида маълумот олган. Аммо бу маълумотлар тўлиқ ҳолатни акс эттирмайди ва кейинги ҳафтада бу кўрсаткич юқорироқ бўлиши мумкин.

Шу ўринда ЖССТ эксперти инсониятда пандемиянинг ўткир босқичига чек қўядиган коронавирус тарқалишига қарши кураш воситалари борлигини эслатган. Бироқ, бу жараён жуда юқумли бўлган «Омикрон» штаммининг пайдо бўлиши туфайли мураккаблашмоқда.

Хусусан, 5 январь куни ЖССТ дунёда кунига 2 294 039 та янги коронавирус инфекцияси ҳолатини қайд этди. Бу «COVID-19» пандемияси бошлангандан бери кунлик энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. 

Умуман, сўнгги саккиз кун ичида кунига бир миллиондан ортиқ касалланганларнинг кўпайиши ЖССТ томонидан етти марта қайд этилган. Охирги антирекорд жорий йилнинг 1 январида кузатилган бўлиб, ўшанда 24 соат ичида 1 859 485 та инфекция ҳолати аниқланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?